Тошкент бозорларида сотилаётган сут маҳсулотларида "ичак таёқчалари" аниқланди

июл 31 / 2018

 

Тошкент шаҳрининг бозорларидаги савдо шохобчалари ва йирик савдо тармоқларида ўтказилган назорат харидлари натижасида текширувдан ўтказилган 20 та маҳсулотдан 13 тасининг кўрсаткичлари меъёр талабларига жавоб бермади. Бу ҳақда “Ўзстандарт” агентлиги ахборот хизмати хабар қилади

Масалан, 6 турдаги пишлоқ маҳсулотларидан 3 тасида (савдо маркаси “Сливочный”, ишлаб чиқарувчи- "ASIA LEADER" ХК,  МЧЖ, савдо маркаси “Eksklyuziv”, ишлаб чиқарувчи -"Ixlos Kelajak", савдо маркаси “Grand”, ишлаб чиқарувчи - "Grand Milk Service” МЧЖ) ёқимсиз ҳиди, ёпишқоқ консистенция, юқори даражадаги зичлик ва бошқа камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

8 турдаги қуюлтирилган сут маҳсулотларининг 5 тасида  меъёрий ҳужжатлар талаблари бузилган, озиқ-овқат хавфсизлиги талабларига риоя этилмаган.

"АЮП" савдо маркали ҳамда "Щедрая долина" савдо маркали (ишлаб чиқарувчи - "Аyuр" ХК, 340 гр темир банкаларга жойланган) маҳсулотларда шакар кристаллари миқдорининг рухсат этилган меъёрлардан анчайин юқорилиги аниқланди.

Бундан ташқари юқоридаги маҳсулотларда “ичак таёқчалари” (кишечная палочка) бактериялари гуруҳига кирувчи (ИТБГ) бактерияларнинг мавжудлиги аниқланди (ушбу патоген таёқчалар одамнинг ошқозон-ичак трактига тушгудай бўлса катта ёшдагиларда ва ёш болаларда ичак инфекцияси касаллиги ва гемолитико-уремик синдромини чақириши хавфи юзага келади. Ичак инфекцияси геморрогик колит, энтерит, овқатдан заҳарланиш ва “сайёх диареяси” кўринишида бўлиши мумкин).

Шунингдек, савдо маркаси “Вини пух” бўлган “Молоко сгушенноё варенное” (ишлаб чиқарувчи "Sweet Snap" МЧЖ, темир банкаларга 380 гр жойланган) маҳсулотида юмалоқ шаклдаги берч жисмлар (комочки) билан қоришган турли туман консистенцияларнинг мавжудлиги аниқланди. Бундан ташқари маҳсулотнинг маркировкасида ёғларнинг умумий улуши 4% кўрсатилганлигига қарамасдан, амалда бу кўрсаткич 2% ташкил этиши аниқланди.

Бу маҳсулотларда ҳам ИТБГ бактерияларининг мавжудлиги аниқланди.

“Сгущенка” ва “Сгущенка варенная с сахаром” савдо маркали (ишлаб чиқарувчи "Favorit Elit Tex"  МЧЖ бўлган, 380 гр темир идишларга қалоқланган) маҳсулотларда бу каби маҳсулотларга ёт бўлган маза ва турли туман консистенция, меъёридан ортиқ ёпишқоқлик, кабилар мавжудлиги аниқланди.

Олти турдаги музқаймоқ маҳсулотлари “Крем брюле” (ишлаб чиқарувчи "Ice&Gold"),  "Kreasy Max" (ишлаб чиқарувчи "Sabe" МЧЖ,  80 гр дан қадоқланган), “Пломбир классический” савдо маркаси билан ишлаб чиқарилган музқаймоқда (ишлаб чиқарувчи "Future Fruit" МЧЖ, 60 гр дан қадоқланган) текширувдан ўтказилганда буларнинг учтасида ёғларнинг умумий улуши этикеткада кўрсатилганидан кам эканлиги аниқланди.

Бундан ташқари “Пломбир классический” савдо маркаси билан ишлаб чиқарилган музқаймоқда (ишлаб чиқарувчи "Future Fruit" МЧЖ, 60 гр дан қадоқланган) ИТБГ бактерияларнинг мавжудлиги аниқланди.

Ҳурматли истеъмолчилар, маҳсулот харид қилаётган пайтингизда албатта унинг мувофиқлик сертификатини сўрашни унутманг, дейилади агентлик хабарида.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *