Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистоннинг энг яхши узум етиштирувчилари танлови бўлиб ўтди

сен 12 / 2018

alt

АҚШ ҳукумати ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Тошкент давлат аграр университети ҳамкорликда узум фестивалида энг яхши узум навлари танловини ўтказди. Бу ҳақда UZ24’га АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) нинг Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш (AVC) лойиҳаси жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Комил Ёқубов хабар берди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги томонидан қўллаб-қувватланадиган ушбу анъанавий тадбир мамлакат бўйлаб узум етиштирувчиларни ўзларининг энг яхши маҳсулотларини намойиш этиш ва юксак эътироф учун беллашишга чорлади.

Ҳакамлар ҳайъати энг харидоргир, энг ноёб ва энг ширин узум навлари номинацияларида ғолиб чиққан иштирокчиларни аниқлади. Тадбир томошабинлари ҳам "Иштирокчилар танлови" номинациясида ўзлари ёқтирган узум навига овоз бериш имкониятига эга бўлишди.

“Боғдорчилик USAID ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан биридир. Биз ушбу соҳанинг ривожланишига Америка Қўшма Штатлари ва дунёнинг бошқа мамлакатларидан энг илғор амалиётларни жорий қилиш ва уларни ўзбек фермерлари билан баҳам кўриш орқали ёрдам беришдан хурсандмиз.

Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар ва қиймат занжирининг бошқа иштирокчилари фаол равишда янги усулларни қўллаш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва ўз даромадларини янада ошириш имконига эга бўлаётганини кўришдан мамнунмиз”, дея таъкидлади USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Гэри Роббинс.

alt

Фестиваль доирасида ТошДАУ профессорлари ва USAIDнинг қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳаси мутахассислари узумчилик, йиғимдан кейинги амалиётлар ва бозорлардаги сўнгги тенденциялар ҳақидаги қимматли маълумотларни соҳа вакилларига ҳавола қилди.

Тадбир давомида мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштиришга бағишланган янги нашр этилган китобларнинг китоб ва электрон шаклдаги нусхаларининг тақдимоти ҳам  бўлиб ўтди.

USAIDнинг беш йилга мўлжалланган қиймати 14 миллион АҚШ долларли AVC лойиҳаси қиймат занжири яратишнинг барча бўғинлари бўйлаб боғдорчилик секторини яхшилаш, иш ўринларини яратиш, даромадларни яхшилаш ҳамда мева ҳосили ва сифатини оширишда кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

alt

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *