Тошкент метрополитенида фотосуратга олиш тақиқланмайдиган бўлди

фев 07 / 2018

alt

Эндиликда Тошкент метрополитенида фотосурат ва видеолавҳага олиш тақиқланмайди. Бу ҳақда 7 февраль, чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги учрашувида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Қайд этилишича, “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, барча турдаги суратга олишлар тақиқланганлиги ҳақидаги тегишли кўрсаткичлар ўрнатилган объектларни истисно қилганда, туристлар томонидан жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилади.

“Шундай тизим яратиляптики, агар қандайдир тақиқловчи белги бўлмаса, бемалол суратга олиш мумкин. Бу масала ижтимоий тармоқларда кўп кўтарилди. Хорижлик туристлар Ўзбекистонга келиб, қайсидир объектларни суратга олмоқчи бўлишганда монеликлар бўлган. Эндиликда нафақат туристлар, балки ўзбекистонликлар ҳам суратга олишлари мумкин. Шу жумладан, метрони ҳам. Бунга тақиқлар бўлмайди. Аслида Тошкент метроси — дунёдаги энг чиройли метро. Биз уни реклама қилишимиз керак”, деди Азиз Абдуҳакимов.

“Бироқ ҳаммасини бир кунда бажариб бўлмайди. Қарор энди имзоланди. У ҳаётга тадбиқ этилиши учун эса вақт керак бўлади. Шуни тушунимиз керакки, яна хавфсизлик масалалари ҳам бор. Биз уни тўла инобатга олишимиз керак. Тўғри, суратга олиб бўлмайдиган объектлар бор. Шу боис ИИВ билан ҳамкорликда суратга олиш мумкин бўлган ва ёки мумкин бўлмаган объектлар рўйхати тузилади”, дея қўшимча қилди Қўмита раиси. 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *