Тожикистонда сайёҳлар устига автомобиль бостириб борди

июл 30 / 2018

alt

29 июль куни Данғара тумани Себистон жамоати ҳудудида тўрт нафар чет эллик сайёҳ ҳалок бўлди. Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Данғара шаҳрида чет эллик сайёҳларга қуролланган ҳужум уюштирилгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади, деб маълум қилмоқда Спутник Тожикистон.

Сайёҳларнинг икки нафари АҚШ, бири Нидерландия ва яна бири Швейцария фуқаросидир.

Яна уч нафар сайёҳ жароҳатлангани маълум қилинмоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, туристлар устига машина билан бостириб бориш ҳолатидан ташқари, такрорий ҳужум ҳолати ҳам қайд этилган. Машина ёш йигитларни уриб кетгач, жиноятчилар автомобил ичидан сакраб чиқиб, сайёҳларга пичоқ билан ҳамла қилишган.

"Бу шармандали жиноят. Уч нафар гумондор қочиб юрибди. Ҳозирда бу билан махсус тузилган гуруҳ шуғулланмоқда. Барча тафсилотларни аниқлаштиряпмиз. Данғарада юз берган ҳодисанинг тўлиқ ҳолати ҳозирча аниқ эмас", - деб айтган Раҳимзода.

Вазирнинг таъкидлашича, тезкор-суриштирув тадбирлари натижасида ҳужум уюштирганларнинг бир нафари ўлдирилган, бири қўлга олинган ва яна уч нафари қидирилмоқда. Ўлдирилган шахснинг ёнидан ўқотар қурол топилган, бу эса қолган жиноятчилар ҳам қуролланган бўлган бўлиши мумкин деган фикрни туғдиради.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон велосайёҳларнинг ҳалок бўлиши муносабати билан уч мамлакат раҳбарларига ўз ҳамдардлигини билдирган.

Айни вақтда жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини ушлаш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, бир гуруҳ чет эллик сайёҳлар устига Нурек шаҳридан бўлган 21 яшар Жафариддин Юсуфов бошқарувидаги "ДЭУ Леганза" русумидаги автомашина бостириб борган.

Ҳодиса юз берганидан сўнг машина воқеа жойидан яширинган, аммо тез орада Данғаранинг Торбулоқ қишлоғи ҳудудидан топилган.

Тожикистон ИИВ чет эллик сайёҳларга уюштирилган ҳужум ЙТҲ, босқинчилик ҳужуми, талончилик, қотиллик ва ҳатто теракт оқибатида юз берган бўлиши мумкин деган тахминларни илгари сурмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг
 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *