Қази, балиқ увулдириғи, гашиш... Божхоначилар яна нималарни тўхтатиб қолишди?

авг 15 / 2018

 

Давлат божхона қўмитаси республиканинг турли чегара-божхона постларида фош қилинган қоидабузарликлар юзасидан ахборот берди.

“Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан “Тошкент-Москва” рейси бўйича республикамиздан чиқиб кетаётган йўловчи поездининг вагон-ресторанида божхона қоидабузарлиги фош қилинди.

Ресторан хизматчиси экспорт қилиниши фақатгина президент ва хукумат қарорлари билан амалга ошириладиган товарлар сирасига кирувчи гўшт маҳсулотлари – яъни қазини божхона назоратидан яширинча олиб чиқмоқчи бўлган пайтда тўхтатиб қолинди.

Қаранг-ки, ушбу шахс қиймати 32 млн. сўмлик 458 кг. от гўштидан тайёрланган ушбу маҳсулотлар ҳақида йўловчи божхона декларациясида ҳам, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилмаган экан.

"Тошкент халқаро аэропорт" чегара божхона постида Москвадан учиб келган 2 нафар йўловчи “яшил” йўлак орқали ҳаракатланаётиб, ўзларини гўёки ёнларида ортиқча юклари йўқдек тутишади.Аммо, уларга тегишли юклар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, юклар орасида сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 200 кг. балиқ увилдириқларини яъни икра маҳсулотларини ноқонуний равишда олиб киришаётгани маълум бўлди. Мазкур озиқ-овқат маҳсулотининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 31 млн. сўмдан ортар экан.

“Айритом” чегара божхона постида Афғонистондан кириб келган фуқаро О.М.нинг қўл юклари назорат-рентген аппарати ёрдамида кўздан кечирилганда, унда божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаган, хорижда ишлаб чиқарилган жами 34 дона лазерли нур тарқатгичлар борлигини аниқланди.

Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ва “Косонсой” чегара божхона пости ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида наркокурьерлардан бирининг қинғир қилмиши фош этилди.

Мазкур постда қўшни давлатдан пиёда равишда кириб келган фуқаро Х.Ю. тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг қўл юклари орасидаги полиэтилен ўрам божхоначиларнинг диққатини тортди.

Ушбу ўрам холислар иштирокида очиб кўрилганида, унинг ичига 50 гр. наркотик модда яширилганлиги аниқланди.

Хўш, фуқаро Х.Ю. ушбу наркотик моддаларни кимга етказишни кўзлаган эди? Шу мақсадда Наманган шаҳрида тезкор тадбир давом эттирилди ва наркотик моддаларни “интиқлик” билан кутаётган фуқаролар Д.Қ ва Ш.Ш ҳам қўлга олинди.

Наманган вилояти Марказий дорихонасининг хулосасига асосан тезкор тадбир давомида далилий ашё сифатида олинган наркотик моддалар 50 гр. оғирликдаги “гашиш” эканлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолатга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш ва суриштирувга жалб этиш бўйича тадбирлар давом эттирилмоқда.

“Яллама” чегара божхона постида қўшни давлат фуқароси А.Т. бошқарувида кириб келган юк автомашинаси инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилганида, автомашинага ортилган юклар билан йўл-юк кзуатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар ўртасида тафовутлар мавжудлиги аниқланди.

Холислар иштирокида автомашинадаги юклар божхона кўригидан ўтказилганида эса шубҳалар ўз тасдиғини топди. Ҳужжатларга кўра юк машинасига Хитойдан келтирилган 3 минг 700 АҚШ доллари қийматидаги 25 тоннадан ортиқ товар-моддий бойликлар ортилган бўлиши лозим эди.

Аммо, кўрик давомида автомашинада ҳужжатларда умуман қайд этилмаган 4800 дона парда безаклари ва 1200 дона электр ҳисоблагичлар мавжудлиги аниқланди.

Баҳолаш бўйича экспертларнинг хулосасига кўра, юқоридаги ҳолатда олиб қўйилган товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати 537 млн. 600 минг сўмни ташкил қилди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда республикамизга қўл телефонларини яширинча олиб киришнинг антиқа усули фош қилинди.

Фарғона тумани Водил қишлоғидаги чегарадош ҳудудда фуқаро Ё.Д. бошқарувида ҳаракатланаётган “Ласетти” автомашинаси тўхтатилиб, кўзда кечирилганида, сиртдан ҳеч қандай қонунбузарлик аломатлари кўзга ташланмади.

Аммо, ҳайдовчининг безовталаниши ва боз устига чегарадош ҳудудда “изғиб” юргани бежиз эмас экан. Автомашина холислар иштирокида кўрикдан ўтказилганида, ёқилғи метан баллони ичига устомонлик билан 428 дона уяли алоқа воситалари яширилганлиги аниқланди.

Хорижда ишлаб чиқарилган, қайта сотиш мақсадида республикамизга олиб кирилаётган  8 турдаги мазкур телефонларнинг умумий қиймати 33 млн. сўмдан ошар экан.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *