Қорақалпоғистонда ички ишлар тизимидаги 7 нафар раҳбар ишдан олинди

авг 13 / 2018

alt

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ жорий йилнинг 5-9 август кунлари Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар ва туманларида ўрганиш ишларини олиб борди. Бу ҳақда ИИВ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

9 август куни Нукус шаҳрида Ички ишлар вазири раислигида ҳудудларда ўтказилган ўрганишларнинг якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида жорий йилнинг 7 ойи мобайнида умумий жиноятчилик сезиларли даражада камайган бўлсада, Қўнғирот, Қонликўл, Тўрткўл ва Чимбой туманларида қотиллик, Нукус шаҳри, Тахиатош, Кегейли, Нукус, Тўрткўл ва Чимбой туманларида оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари кўпайгани қайд этилди.

Маҳаллаларда фуқаролар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар ва уларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўрилишига жиддий ва масъулиятли ёндашилмаётганлиги оқибатида 4 та қотиллик ва 25 та оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Йиғилишда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, ҳануз эскича иш услуби билан ишлаётган, фуқароларнинг манфаати йўлида жонбозлик кўрсатмаётган раҳбар ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Хусусан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, фаолияти давомида тизимли камчиликларга йўл қўйиб келганлиги учун Тўрткўл тумани ИИБ бошлиғи А.Илясов, Нукус шаҳар ва Тахиатош тумани ИИБлари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари А.Артиков ва А.Гулимбетов, Нукус шаҳар, Чимбой ва Қораўзак туманлари ИИБлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари Н.Қдирбаев, Р.Пауланиязов ва Р.Қаландаров ҳамда Кегейли тумани ИИБ 10-сонли ички ишлар бўлинмаси бошлиғи А.Палибеков эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Бундан ташқари, қатор раҳбарларга нисбатан турли даражадаги интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Шунингдек, йиғилишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш, қонунийликни таъминлаш йўлида хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб келаётган ходимлар ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилди. Жумладан, ўзларига пора таклиф этилганлиги ҳолатлари тўғрисида ахборот бериб, ички ишлар органи ходимининг қасамёдига содиқ қолган Қораўзак тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари П.Искендеров ва Элликқалъа тумани ИИБ тезкор вакили Ж.Мамбетов вазир томонидан рағбатлантирилиб, уларга пул мукофотлари топширилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *