Якка тартибдаги тадбиркорлар қайси солиқ тартибида қолиши керак?

авг 16 / 2018

alt

Бугунги кунда кенг муҳокама бўлаётган мавзулардан бири бу якка тартибда тадбиркорларимизни солиққа тортиш тартиби (режими) билан боғлиқ бўлмоқда.

Хабарингиз бор, солиқ сиёсати концепциясида якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланаётган фаолият турларини танқидий равишда кўриб чиқиш топширилган эди.

Бугунги кунда, якка тартибдаги тадбиркорларимиз сони 333,6 минг нафардан ошиб кетди, уларнинг 104,5 мингтаси (31,3%) фаолият кўрсатмайди.

Масаланинг моҳияти, солиқ ставкалари шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун талаб этиладиган сарф харажатларнинг юқорилиги билан боғлиқ бўлиб, энди тадбиркорлигини бошлаган фуқаро ҳали фойда олмасидан олдин, давлат рўйхатидан ўтиш йиғимидан бошлаб, солиқлар, ижара тўлови, НКМ сотиб олиш ва терминал ижараси билан бирга фаолият жойига қараб 2,5 млн.сўмдан 8,5 млн.сўмгача маблағ сарфлаши керак.

Бундан ташқари, танлаган бизнесига қараб товар сотиб олиши, кредит фоизлари, транспорт ва бошқа ҳаражатларни амалга оширади. Масалан, Тошкент шаҳрида чакана савдо фаолияти учун энг кам иш ҳақининг 7 баробари, яъни 1,2 млн сўм қатъий солиқ ва 172 минг сўм суғурта бадали ёки жами 1,4 млн сўм атрофида солиқ тўлаши керак.Нукус шаҳри ва вилоятларнинг марказий шаҳарларида энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида қатъий солиқ тўланади.

Натижада, бундай ҳаражатларни қоплашнинг имконияти чегараланиб, айнан дастлаб очилган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлмоқда.

Бу масаланинг бир тарафи бўлса, айрим якка тартибдаги тадбиркорлар, очиғини айтишимиз керак бугунги кунда йирик савдо объектлари ёки корхоналар амалга оширмайдиган 20-30 млрд сўмлаб товар айланмалари ёки катта ишлаб чиқариш цехларини якка тадбиркор мақоми остида ушлаб, ўша сотаётган товарлари солиқ суммасидан ҳам кам кичик савдо “лавка”ларининг солиқ суммасини тўламоқда.

Бу албатта олинган даромадларни солиққа тортиш адолат тамойилларининг бузилишига сабаб бўлмоқда. Бошқа мамлакатларда бу қандай тартибга солинган деган табиий савол туғилади?

Германия, Россия, Қозоғистон, Латвия ва бошқа давлатларнинг иш тажрибасида дастлаб иш бошлаган тадбиркорларга солиқ таътилларини бериш ёки тадбиркорларнинг оладиган даромадига қараб солиққа тортилмайдиган ва товар айланмаларининг юқорилигига қараб бошқа солиқ тартибига (режим) ўтиши керак бўлган чегаравий миқдорлар белгиланган.

Яъни, мулк шакли якка тартибдаги тадбиркор мақомида қолсада, товар айланмаси ошиб боргани сари, солиқ режими ўзгариб боради. Умумбелгиланган тартибда ҚҚС, фойда ва бошқа солиқларни тўловчиси бўлиши мумкин.

Кичик бизнесига эга, олаётган даромади белгиланган чегаралардан ошмайдиган якка тадбиркорлар эса, базовий миқдорда бошқа фуқаролар каби олган даромадига қараб даромад солиғи ставкаларида солиқ тўлайди.

Соф даромад топиб, вақтида солиғини тўлаб, тинч ишлаш қайси тадбиркорга ёқмайди дейсиз. Бизда ҳам якка тартибдаги тадбиркорларимизга тўлайдиган солиғининг тошу тарозисини топаётган даромадига қараб, адолатли қилиб белгилаб берилса, фаолият кўрсатмаётган тадбиркорларимиз фаолиятини тиклаб, рўйхатдан ўтмасдан яширин ишлаётган фуқароларимиз кичик бизнесини легаллаштиришга тушган бўлишармиди? Хўш якка тартибдаги тадбиркорлар қандай солиқ тўлашлари керак?  Ушбу масала бўйича фикрингиз бизни қизиқтиради ва таклифларингизни org@soliq.uz, pressa@soliq.uz манзилига юборишингиз мумкин.

Манба: Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *