Якун: ОТМга ҳужжат топширган 679 979 нафар абитуриентдан 17 353 нафари имтиҳонларда қатнашмади

авг 14 / 2018

alt

Аввал хабар берганимиздек, 13 август куни ҳолатига кўра кундузги, махсус сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича бакалавриатга кириш тест синовлари республиканинг 60 та олий таълим муассасалари ва уларнинг 19 та филиалларида муваффақиятли якунланди.

Азиз Абдуҳакимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида 2018/2019 ўқув йили учун олий таълим муассасаларида ўтказилган тест синовлари якунларини эълон қилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида илк маротаба:

биринчидан, шахсни идентификациялаш қурилмалари ҳамда кузатув камералари ёрдамида катта сиғимли 57 та биноларда 2 сменада ўтказилди;
иккинчидан, тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz Интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди;
учинчидан, абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда жойлар ташкил қилинган ҳолда тест синовлари ўтадиган ҳудудда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилди.
Бундан ташқари, Ички ишлар тизимидан 4 963 та шахсий таркиб ходимлари, 1206 та алоқа воситалари, 694 та металлодетекторлар, 289 та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди.

Кундузги, махсус сиртқи ҳамда кечки таълим шакли учун олий таълим муассасаларига абитуриентлар томонидан 679 979 та (2017 йилда – 729 947) аризалар тушди, танлов бир ўринга ўртача 8,2 нафарни (11,0) ташкил этди.

Тест синовларида иштирок этувчи абитуриентлар сони 622 030 нафарни ташкил этади. Шунинг билан бирга алоҳида иқтидор талаб қилинадиган таълим йўналишларига 55 812 нафар ҳужжат топширган ва имтиёзга эга бўлган абитуриентлар сони 2 137 нафар. 

Тест синовларида қатнашганлар сони 604 677 нафарни ташкил этди. Тест синовларида 17 353 нафар абитуриент қатнашмади, жумладан 14 957 нафари келмади, 1 340 нафари ҳудудга киришда ҳамда 1 056 нафари тест жараёни пайтида қоидабузарлик содир этганлиги сабабли тестдан четлаштирилди.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 5 285 нафар гуруҳ назоратчилари жал қилинди.

Ўтказилган тест синовлари натижалари куннинг эртасига Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинди.
2018/2019 ўқув йилига кириш тест синовлари натижалари қуйидагича:

Таълим йўналишлари бўйича энг юқори ўтиш бали:

давлат гранти бўйича: 223,5 балл, «Юриспруденция» (рус) таълим йўналиши;
тўлов-контракт бўйича: 176,7 балл, «Юриспруденция» (ўзбек) таълим йўналиши.

Олий таълим муассасалари бўйича энг юқори ўтиш бали:

давлат гранти бўйича: 223,5 балл, Тошкент давлат юридик университети;
тўлов-контракт бўйича: 176,7 балл, Тошкент давлат юридик университети.

Республика бўйича ўртача ўтиш бали:

давлат гранти бўйича: 123,0 балл;
тўлов-контракт бўйича: 101,9 балл.

alt

Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида қўлланилган бу йилги тизим кейинги йилларда ҳам ҳар томонлама билимли, иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига кириб таълим олишларида такомиллаштирилган ҳолда жорий этилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *