Жамоат ва йўловчи ташувчи транспортларда видеорегистратор ўрнатилиши мажбурий бўлади

июл 19 / 2018

alt

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг "Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

Қарор лойиҳасига кўра, 2019 йил 1 июлга қадар жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлардан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тўпловчи веб-портал ишга туширилади.

Шунингдек, 2019 йил 1 июлдан мулкчилик шаклидан қатъи назар жамоат транспорти ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун видеорегистраторлар ўрнатиш бўйича мажбурий тартиб жорий этилади.

Ҳуқуқбузарлик қайд этилган видеоёзувларни юборган фуқаролар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдорида рағбатлантирилади.

Видеорегистраторлар орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган видеоёзувларни тақдим этган фуқароларнинг шахсий маълумотлари ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Ички ишлар ва Молия вазирликлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлардан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тўпловчи веб-портал фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур техника воситаларини харид қилиш учун маблағ ажратиш режалаштирилган.

Ҳужжат лойиҳаси 2018 йил 3 августгача муҳокама қилинади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *