Миржалол Қосимов Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди

сен 21 / 2018

 

– У айни пайтда “Бунёдкор” клубини бошқараётганди

– Қосимов жамоани Токио-2020 га олиб бориш учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берди

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийлигига Миржалол Қосимов тайинланди, деб хабар қилади ЎФА матбуот хизмати. У айни пайтда “Бунёдкор” клубини бошқараётганди.

Умид Аҳмаджонов Миржалол Қосимов билан бу мавзуда шахсан суҳбатлашиб, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси олдида жиддий ва масъулиятли вазифа турганлиги, Ўзбекистондаги барча футбол мухлислари терма жамоамизни Олимпиадада кўришни интиқиб кутаётганини, уларнинг ишончини оқлаш учун барча куч ва маҳоратни сарфлаш, тинимсиз меҳнат қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.  Шунингдек, Олимпия терма жамоасига футболчиларни саралаб олишда холис бўлиш, фақат энг муносибларини танлаб олиш кераклиги борасида ҳам сўз юритилди.

Ўз ўрнида Миржалол Қосимов ҳам зиммасига юкланаётган вазифанинг масъулиятини тўлиқ ҳис қилаётганини таъкидлаб, Ўзбекистон олимпия терма жамоасини Токио-2020 га олиб бориш учун қўлидан келган барча ишни амлага оширишга ваъда бериб ўтди.

Миржалол Қосимов 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия терма жамоаси таркибини шакллантириш ишларини олиб боради. Шунингдек, терма жамоага номзод футболчиларни саралаб бориш, уларни яхлит бир жамоага айлантириш, рақобатбардош, кучли жамоа яратиш ишлари билан шуғулланади. 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан Олимпия терма жамоаси учун зарур барча шарт-шароитлар яратилиб, турли йиғинлар ва кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиб борилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *