Содиқ Сафоев Ўзбекистон регби федерацияси президенти этиб қайта сайланди

дек 28 / 2017

alt

Ўзбекистон регби федерацияси навбатдаги IX ҳисобот-сайлов Конференциясини ўтказди. Унда федерациянинг фаолияти қониқарли деб баҳоланди.  Шундан сўнг, Федерация раҳбариятини сайлаш маросими бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда Федерацияга раҳбарлик қилиб келган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бир овоздан Федерация президенти лавозимига навбатдаги муддатга қайта сайланди. Мудофаа вазирлиги масъул ходими Шуҳрат Акрамович Икромов Федерациянинг биринчи вице-президенти, Қаҳрамон Ҳакимович Джалилов эса вице-президенти лавозимларига сайланишди. Федерация Бош котиби сифатида фаолият кўрсатиб келган Жасур Артиков ҳам ўз лавозимига қайта тайинланди ва ишини давом эттирадиган бўлди.

Таъкидлаш керак, ҳисобот даври давомида Федерация раҳбарияти томонидан мамлакатимизда регби спорт турини ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ортда қолган вақт мобайнида Федерациянинг ҳудудий бўлимлари сони 11 тага етди. Бунга қадар фақатгина иккита вилоятда регби федерациясининг бўлимлари фаолият кўрсатиб келаётганди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда қиска муддат ичида ҳарбий қисмлар ва батальонларда регби бўйича жамоалар ташкил этилди ва улар Ўзбекистон чемпионатида муваффақиятли иштирок этишди.

Бунга мисол тариқасида регби-15 бўйича 2014 йилда Қуролли кучлар ўртасидаги мамлакат I чемпионатида фақатгина 10 та жамоа қатнашган бўлса, бугунги кунда чемпионатнинг саралаш босқичида 30 та жамоа иштирок этганлигини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Ўзбекистон регби федерацияси 2014 йилда Дунё регбиси (World Rugby) халқаро ташкилотининг тўлақонли аъзолигига қабул қилинди. Федерация президенти С. Сафоев эса Осиё регби федерацияси (ARFU) Ижроия қўмитаси аъзоси сифатида навбатдаги ротацияга қадар, бир йил муддат давомида фаолият кўрсатди.

2017 йил давомида терма жамоамиз аъзолари Гонконг, Тайвань, Жанубий Корея ва Қирғизистон каби давлатларда ўтказилган халқаро турнирлар ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *