Ўзбекистонлик Сайфулло Саиповнинг адвокатлари Трамп ўз баёнотлари билан терговга босим ўтказяпти деб ҳисоблашмоқда

сен 07 / 2018

alt

Нью-Йоркда теракт содир этиш ва саккиз кишини ўлдиришда айбланаётган ўзбекистонлик Сайфулло Соиповнинг адвокатлари АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг баёнотлари билан терговга босим ўтказмоқда деган фикрда, деб ёзмоқда ТАСС берган хабарида.

Улар ўз мижозлари устидан бўлиб ўтадиган суд ҳалол ва адолатли ўтишига шубҳа билан қарашмоқда. Бу ҳақда Манхэттен судига пайшанба куни ҳимоя томони топширган мурожаатномада айтилади.

Суд электрон базасида эълон қилинган ҳужжатларга кўра, Соиповнинг адвокатлари судья Вернон Бродерикдан прокуратурани айбланувчи учун ўлим жазосига эришиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўрайдилар. Ҳимоя томонининг билдиришича, айбланувчи учун олий жазони расмий равишда талаб қилиш ҳақида бир қарорга келиши лозим бўлган АҚШ Адлия вазирлиги раҳбари Жефф Сешнс ушбу масалада объектив бўла олмайди, сабаби Трамп унга босим ўтказиб, «ошкора сиёсий позиция»дан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилишга мажбурламоқда. 

Адвокатлар Трампнинг Twitter’да Соипов ҳибсга олинганидан сўнг ёзган қатор хабарларини ўз сўзларига далил сифатида келтиришган, уларда президент асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган шахсга ўлим жазоси талаб қилган. Бундан ташқари, ҳимоя томони Оқ уй раҳбарининг яқиндаги твитини кўрсатган, унда давлат раҳбари Сешнсни унинг маҳкамаси АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар арафасида икки нафар республикачи конгрессменга айблов қўйгани учун танқид қилади. 

Адвокатларнинг билдиришича, шу муносабат билан Адлия вазирлиги Соипов иши бўйича «мустақил қарор қабул қила олмайди», сабаби Трамп босим ўтказмоқда. Шу билан бирга, ҳимоянинг кўрсатишича, агарда суд айблов томонини Соиповга ўлим жазоси талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмаса, унда Сешнснинг ўрнига мустақил прокурорни тайинлаши ҳамда унга ушбу иш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатини бериши лозим. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *