"Бойсун баҳори" мафтункор тоғ қўйнига чорлайди

апр 25 / 2019

alt

Жорий йилнинг 27-28 апрель кунлари тоғли Бойсун туманидаги сўлим Паданг қишлоғида “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган фестивалга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Ушбу анъанавий фестивалда мамлакатимизда фаолият юритаётган фольклор жамоаларининг 200 дан ортиқ вакили ўз ҳудудларига хос либос ва қадимий куй-қўшиқлар билан фаол иштирок этади.

Фестивални юксак савияда ўтказиш учун баҳорнинг мафтункор манзаралари сеп ёйган Паданг адирларига юздан ортиқ ўтов уйлар ўрнатилиб, қўрғонлар барпо этилди. Кўп минг йиллик миллий анъана ва қадриятларимиз асосида жиҳозланди. Йўлларда кенг кўламдаги таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Узлуксиз электр энергияси ва сув таъминотига алоҳида эътибор қаратилди. Ёритиш мосламалари ўрнатилди. Миллий қадриятларимиз ва байрам шукуҳи акс эттирилган баннерлар, афишалар билан безатилмоқда. Тиббий хизмат кўрсатиш ва кўчма дорихоналар ташкил этишга аҳамият берилмоқда. Санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган ошхоналар барпо этиб, миллий таомлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

– Фестивалда мамлакатимиз ва хорижий давлатларда ўзларининг ноёб, бетакрор санъатлари билан мухлисларини хушнуд этиб келаётган фольклор-этнографик жамоалар иштирокига алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори А.Ҳайдаров. – Фестиваль қатнашчилари сўлим табиат қўйнида Қорақалпоғистон Республикасининг “Афсона”, Наманган вилоятининг “Яллама-ёрим”, Самарқанд вилоятининг “Чинор”, Хоразм вилоятининг “Машъал”, Қашқадарё вилоятининг “Занжир саройи”, Сурхондарё вилоятидаги “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Тўрғай”, Жиззах вилоятидаги “Гаштак” каби жамоаларнинг ранг-баранг дастурларини томоша қилиб, миллий қадриятларимиз улуғланган куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлишади, завқ-шавқ олишади.

Шодиёна арафасида, яъни шу йилнинг 26 апрель куни Термиз давлат университетида “Жаҳон цивилизацияси: Бойсун моддий ва маънавий маданияти” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Минг йиллардан буён мамлакатимизда асраб-авайлаб келинаётган бундай нодир ва ноёб бойликларнинг “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивалида кенг тараннум этилаётганида чуқур маъно бор. Зеро, дунё аҳлини ўз бағрига чорлаётган мафтункор Бойсун – ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси” дурдонаси сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда ЮНЕСКОнинг “Инсониятнинг номоддий маданий мерос” репрезентатив рўйхатига киритилган.

Халқаро илмий-амалий анжуманда Инсониятнинг илк манзилгоҳларидан бири бўлган бу гўша гўзал табиат манзаралари, бой ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, моддий ва номоддий маданий бойликлари, сержило ноёб қадриятлари, ҳудуднинг миллий ҳунармандчилиги, этнография ва археологиясини ўрганиш, тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган изланишлар атрофлича таҳлил қилинади.

Миллий қадрият ва анъаналаримиз шарафланадиган шодиёна доирасида миллий кураш мусобақаси, варрак учириш, хўроз, қўчқор уриштириш, арқон тортиш, чиллак ва бошқа халқ ўйинларига ҳам кенг ўрин ажратилган.

Фестиваль якунида энг яхши фольклор-этнографик ва энг яхши ўтов-уй ўрнатган жамоалар, спорт ва халқ ўйинлари ғолиблари муносиб тақдирланади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *