Фирдавс Абдухолиқов "Ўзбеккино"га директор этиб тайинланди

сен 12 / 2019

alt

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий Ассоциацияси Бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Фирдавс Абдухолиқов  расман “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори этиб тайинланди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар қилди.

“Даракчи” нашрининг ёзишича, Фирдавс Абдухолиқов айни пайтга қадар бир қатор ҳужжатли фильмларга продюсерлик қилган. Унинг раҳбарлигида ЎзЭОАВМА томонидан Россия телеканаллари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – қумликлар жавоҳири”, “Қорақалпоғистон вақт қумликлари оралаб”, “Ўзбекистон. Қўлга киритилган кашфиётлар”, “Нукус. Номаълум коллекция” сингари ҳужжатли фильмлар суратга олинган.

Шунингдек, Фирдавс Абдухолиқов BBC, EURONEWS, CNBC ва бошқа бир қатор хорижий компаниялар билан биргаликда кўплаб медиа лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Яқинда эфирга узатилган "Катта Лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар" ҳужжатли фильми шулар жумласидан. Жорий йилнинг август ойида "Россия-Культура" телеканалида “Ўзбекистон. Севги ҳақида афсоналар” ҳужжатли фильми намойиш қилинди.

Фирдавс Абдухолиқов шунингдек, 2018 йилда Санкт-Петербургда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида ўтказилган II Халқаро конгрессда 300 дан ортиқ жаҳон олимлари ташаббуси билан тузилган Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг раиси ҳисобланади.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *