Ўзбекистонда бюджети 20 миллион доллар бўлган тарихий сериал суратга олинади

окт 07 / 2019

alt

2020 йилда Ўзбекистонда “Султана” номли тарихий телесериални суратга олиш ишлари бошланади. Лойиҳани МДҲдаги энг йирик телевизион контент ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган “Star Media” кинокомпанияси амалга оширади.

“Star Media” асосчиси ва бош продюсери Владислав Ряшин билан Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда халқаро лойиҳа – “Султана” сериалини яратиш бўйича ҳамкорлидаги режалар муҳокама қилинди.

У Ўзбекистонга шериги, “Қуддус”, “Пойга” ва “Арвоҳлар шаҳри” каби фильмлари билан танилган Француз продюсери Жан Чарлз Леви билан бирга келди.

Сериалнинг суратга олиш жараёни Самарқанд, Бухоро ва Хивада бўлиб ўтиши режалаштирилган. Лойиҳа инглиз тилида суратга олинади, унда Голливуд актёрлари иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, табиийки актёрлар номи сир тутилмоқда.

Сериал сюжети бизни 17 асрга бошлаб, бугунги кунда ҳам долзарб бўлган геосиёсат, ҳукмронлик ва севги учун кураш мавзуларини очиб беради.

Олтита эпизодни ўз ичига оладиган биринчи мавсум учун бюджет 20 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Сўнгра, 2-мавсумни суратга олиш ишлари давом эттирилиши режалаштирилган.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, “ Star Media” келаси йили "Тошкент - нон шаҳри" фильмини суратга олишни ҳам кўзда тутмоқда. Ўзбекистон миллий кинокомиссияси томонидан маълум қилинишича, ушбу фильм орқали Шуҳрат Аббосовнинг шу номдаги афсонавий фильмини қайта суратга олиш эмас, балки мутлақо янги асар яратилиши назарда тутилган.

"Биз "Султана" телесериалидан ташқари яна бир "Тошкент - нон шаҳри" фильмини Россиянинг "Биринчи канал"и билан ҳамкорликда суратга олишни режалаштирганмиз. Биз мамлакатингиздаги барча лойиҳаларни Ўзбекистон миллий кинокомиссияси билан бирга амалга оширамиз" - деди Владислав Ряшин.

Шунингдек, у Тошкентда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва "Ўзбеккино" миллий агентлиги вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Ряшин, 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильм ишлаб чиқарувчи хорижий кинокомпаниялар харажатларининг бир қисмини қоплайдиган “Rebate” тизими ишга туширилаётганлигига эътиборини қаратди. Унинг фикрича, бу хорижий кинокомпаниялар эътиборини Ўзбекистондаги ноёб майдонларда турли жанрдаги фильмларни суратга олишга йўналтириш учун яхши рағбат деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, “ Star Media” кинокомпанияси 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда МДҲ ҳудудидаги энг йирик кино ва телевизион контент яратувчи компаниялардан бири ҳисобланади. Унинг фонди 5000 соатдан ортиқ ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларга эга. Компания муваффақиятининг асосий омилларидан бири - ўз маҳсулотларини бошқа мамлакатлар бозорларига изчил тарқатишдир. 

Жумладан, 50 дан ортиқ чет эл давлатлари - Шарқий ва Ғарбий Европа, Яқин Шарқ, Хитой, Япония, АҚШ ва Исроил давлатлари “Стар Медиа” маҳсулотларига доимий ҳаридор ҳисобланишади.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси мамлакат ҳудудида хорижий кинокомпаниялар томонидан аудиовизуал маҳсулотларини яратилишида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида хорижий кинокомпанияларга бепул асосда ташкилий ва ишлаб чиқариш-техник ёрдам кўрсатиш бўйича вазифаларни амалга ошириб келмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *