«Ўзбеккино» Канн фестивалида Гран-прини қўлга киритган режиссёрга идишлар жамланмасини совға қилди

июн 07 / 2019

alt

72-халқаро Канн фестивали доирасида ўтказилган Entr’2 Marches қисқа метражли фильмлар фестивалида «Чой» фильми учун Гран-прини қўлга киритган ўзбекистонлик ёш режиссёр Шокир Холиқовга «Ўзбеккино» миллий агнетлиги идишлар жамланмасини совға қилди. Бу ҳақда ўзи Facebook’даги саҳифасида пост қолдирган. 
 
«Каннда қўлга киритилган Гран-при мукофоти учун «Ўзбеккино» миллий агентлигидан ‘Чой’ фильмига берилган эсдалик совғаси! «Ўзбеккино»га ўз миннатдорчилигимни билдираман! Катта раҳмат!», — деб ёзган режиссёр.
 
Кейинроқ у постини ўчириб ташлаган.
 
«Чой» — Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти битирувчиси Шокир Холиқовнинг диплом иши. Ушбу қисқа метражли фильм нафақат Канндаги фестивалда, балки PROlogue кинофестивалида, «Изҳор» ёшлар ижодиёти танловида совринли ўринларни қўлга киритган, шунингдек, Македония, Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардаги халқаро кинофестивалларда эътироф этилган, деб ёзади «Дарё».
 
Блогер Шаҳноза Тўрахўжаева бу воқеага нисбатан танқидий постини эълон қилди:
 
— Суратдаги йигит Шокир Ҳолиқов - PROlogue фестивалининг 3 карра совриндори. Шу учала фильмининг ҳар бири халқаро миқёсда камида 6 тадан мукофот олган. «Чой» 15 та соврин олди, шулардан 5 таси  Гран-при. Орасида Канн фестивалиники ҳам бор. Ўша совринлар ёнида «Ўзбеккино»нинг бу совғаси ҳам ажойиб бўлиб турса керак...
 
Шокир Каннга бормади, ўша 20 кишининг ичида унга жой топилмади. 3 карра PROlogue совриндорига нега жой топилмайди? Ким билсин энди? Каннга фақат миллионлаб доллар сарфлаб (совуриб) «Скорпион»дек «шедевр»ларни суратга олганлар борса керак-да.
 
Ўтган йили Венеция фестивалида ғолиб бўлган, аммо тақдирланишига ўзлари бора олмаган болалар ҳақида эшитгандик. Аммо ўшандан кейин улар тўғрисида бирон маълумот чиқмади. Мана шу шиша соврин бўлмаса, Шокир Ҳолиқов ҳақида ҳам балки унутворардик. Биз истеъдодларни кашф қилмаяпмиз, аксинча, сўндиряпмиз.
 
Ёш киноижодкорлар кенгаши деган ташкилот бор. Бир оёғи Ёшлар иттифоқида, иккинчиси «Ўзбеккино»да туради. Шу ташкилот ННТ бўлса ҳам, маблағни давлат бюджетидан олади. Балки ташкилот раҳбари чиқиб ёш киноижодкорларни қандай қўллаб-қувватлаётгани, Каннга олиб борадиган делегацияси таркибини қандай шакллантириши, қандай қилиб бу делегацияга муваффақиятсиз фильмлар олса-да Мухлиса Азизовадек режиссёрлар ҳар йили кириб қолаверишию, Шокирга ўхшаган халқаро фестиваль совриндорлари нега қолиб кетишини англатар? Ёшлар иттифоқи ҳам бу борада тушунтириш берса бўлар эди. Ҳали биз ундан «Скорпион»нинг ҳисобини ҳам сўраганимиз йўқ.
 
Ёшларни қўллай олмасак, ҳеч бўлмаса ола қараш билан уларнинг иштиёқини синдирмайлик. Улар бизга керак.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *