"Олмалиқ КМК" АЖ 2015 йил натижаларини эълон қилди

янв 07 / 2016

alt

"Олмалиқ КМК" АЖ бош директори Александр Фармановнинг сўзларига кўра, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози таъсирига қарамай, 2015 йил яхши натижалар билан якунланди: деярли барча истиқболли кўрсаткичлар бажарилди.

"Жаҳон бозорида маҳсулотларнинг нархи тушиб кетиши сабабли, хусусан бизнинг маҳсулотимиз нархининг ҳам пасайиши туфайли кутилганидек тўлиқ фойда ололмадик. Даромад олиш учун маҳсулотнинг таннархини кескин камайтириш устида кўп ишлашимизга тўғри келди. Комбинат бу масалани уддалади, деб айта оламан", таъкидлади директор.

"Олмалиқ КМК" АЖда 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Дастурда янги қурилишлар бўйича, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизация ва реконструкция қилишни назарда тутувчи инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.

2015 йилда янги Олтингугурт кислотаси цехи ишга туширилди. Кислород блогини техник қайта жиҳозлаш якунланди. Йилига 7 млн. тоннага яқин маъданни қайта ишлаш имконини берувчи "Мис бойитиш фабрикаси майдалаш ва янчиш бўлинмаларини қайта жиҳозлаш" лойиҳасини амалга ошириш якунланмоқда. Бу салмоқли ва диққатга молик объект бўлиб, келажакда энергия ва инсон ресурсларини иқтисод қилиш, саралашни ошириш, якуний маҳсулот сифатини яхшилашга имкон беради.

Ўтган йилда экспортга мис сим ўрамаси (катанка)ни сотиш ҳажмини оширилди. Янги маҳсулот, яъни мис симларининг экспорти йўлга қўйилди, хусусан, 2015 йилда 1000 тоннадан зиёд маҳсулот ҳамкорларга етказиб берилди. 2016 йилда бу рақамни камида 2-2,5 бараварга ошириш режалаштирилмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *