Ўзбекистоннинг етакчи тадбиркорлари талабаларга маҳорат дарси ўтишди

окт 26 / 2019

alt

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Халқаро туризм факультети ва Маркетинг кафедраси томонидан “Сотиш тизимидаги янги инновациялар” мавзусида маҳорат дарси ўтказилди, деб хабар беради Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу маҳорат дарсида модератор сифатида “Office market”, “Dekos” компаниялари ҳамда “M faktor” лойиҳаси асосчилари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар иштирок этдилар.

Тадбиркорлар йиғилганларга ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда бизнесни бошлаш машаққати, унда муваффақиятга эришиш сирлари, хатоларни енгиб ўтиш, рақобатда ютиб чиқиш омиллари ҳақида ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, ҳаётий мисоллар билан айтиб бердилар.

– Кеча фойда бераётган нарса бугун иш бермай қолиши мумкин – қоидалар мунтазам ўзгариб туради. Шу сабабли эришилган натижада асло тўхтаб қолмаслик керак. Ижобий кайфиятдаги одамлар билан мулоқот қилиш, олдинга янги мақсадларни қўйиш лозим, – дея таъкидлашди модераторлар.

Маълумот ўрнида, кадрлар тайёрлашда иш берувчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва ўқув жараёнларини бевосита амалиёт билан уйғун ташкил этиш мақсадида вазирлик ташаббуси билан ОТМларда йирик ишлаб чиқарувчилар ва хусусий тадбиркорлар билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилмоқда.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *