Ислом Каримов: "Жаҳон банки "Бизнес юритиш" рейтингида Ўзбекистон фақат бир йилнинг ўзида 16 поғонага кўтарилди"

янв 16 / 2016

alt

Давлатимиз раҳбари маърузаси давомда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларида эришилган ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтди:

"Mамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида олиб бораётган ишларимиз халқаро иқтисодий ташкилотларнинг рейтингларида ўзининг ижобий ифодасини топмоқда. Ўтган йилнинг октябрь ойида Жаҳон банки «Бизнес юритиш» рейтингини эълон қилди. Ана шу рейтингда Ўзбекистон фақат бир йилнинг ўзида 16 поғонага кўтарилиб, 87-ўринни эгаллади. 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, «янги бизнесни қўллаб-қувватлаш» деб аталадиган мезон бўйича мамлакатимиз айни пайтда жаҳонда 42-ўринни, тузилган шартномалар ижросини таъминлаш бўйича 32-ўринни, иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан қўлланадиган банкротлик тизимининг самарадорлиги бўйича 75-ўринни эгаллаб турибди. «Кичик бизнес субъектларига кредит бериш» деб номланадиган кўрсаткич бўйича Ўзбекистон сўнгги уч йилда 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилди ва ўтган йилнинг ўзида рейтингини 63 позицияга яхшилади. 

Жаҳон банкининг маърузасида Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олгани қайд этилган. 

Ана шу йўналишдаги ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулотимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани ёки 1,8 баробар ошганини алоҳида таъкидлашни истардим. Ҳозирги пайтда ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолимизнинг 77 фоиздан ортиғи – шунга эътибор беринг – мазкур тармоқда меҳнат қилаётгани, ўз пешона тери билан нафақат ўз оиласини боқаётгани, балки мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшаётгани, аввало, мустақиллик бизга очиб берган имкониятларнинг яққол исботи, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан". 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *