Маҳсулот ва хизматлар нархномалари, кўргазмали ва оғзаки ахборот матнлари давлат тилида бўлиши лозим

ноя 07 / 2019

alt

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади ҳамда қонун ҳужжатлари қўлланилиши бўйича тушунтиришлар беради.

Таҳлилларга кўра, чакана савдо билан шуғулланувчи айрим шаҳобчалар ва супермаркетларда сотувга қўйилган маҳсулотларга нархномалар қўймаслик, нархномалар ва маҳсулотлар тўғрисидаги лавҳалар ва бошқа маълумотларни давлат тилида эълон қилмаслик ёки нархномаларни нотўғри расмийлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг 20-бандига асосан, сотувчи-ходим товарнинг номи, унинг сорти, маркаси, модели, типи, товарнинг оғирлиги, ўлчами ёки бирлигига нархи кўрсатилган ҳолда сотиладиган товарларнинг ягона намунадаги ва аниқ расмийлаштирилган нархномалари бўлишини таъминлашга мажбурдир.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг
20-моддасига мувофиқ, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши лозим ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин.

Ўз навбатида, қонун ҳужжатларида мазкур талабларни бузганлик учун, хусусан истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, товарларга нархномалар қўймаслик ёки уларни атайин нотўғри расмийлаштирганлик учун тегишли жавобгарлик чоралари кўрилиши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, шунингдек, истеъмолчиларга тўғри ва тушунарли ахборот етказилишини таъминлаш мақсадида Сиздан, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ савдо қоидалари талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлашингиз сўралади.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *