Нурсултон Назарбоев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гул қўйди

сен 16 / 2017

alt

Аввал хабар берилганидек, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев бугун, 16 сентябрь куни Тошкентга келди. Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Қозоғистон Президенти Мустақиллик майдонига ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбекистон раҳбарининг расмий сайти.

Олий мартабали меҳмон Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди ва Мустақиллик майдонининг меъморий ечими, чуқур мазмун-моҳиятига юқори баҳо берди. 

Президентлар пойтахтимиздаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларини зиёрат қилди. 

Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараси Шайх Хованди Тоҳур мажмуасидаги кўҳна қабристоннинг шимолида жойлашган. Мақбара пишиқ ғиштдан, чортоқ тарҳли, қўш қават гумбазли қилиб қурилган. Манбааларда қайд этилишича, бу ерга Тўлабий Алибий ўғли дафн этилган. Мустақиллик йилларида ушбу мақбара қайта таъмирланиб, муқаддас қадамжолардан бирига айлантирилган. 

Ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. 

Зиёрат якунида Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилиб, мамлакатларимиз ҳамкорлигида янги босқич бошланганини таъкидладилар. 

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов кўп йиллар фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳига ташриф буюрди. 

Нурсултон Назарбоев буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *