Пенсиянгиз қанча ошди?

июл 25 / 2019

alt

1 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи - ойига 223 000 сўм, ёшга доир пенсиялар - ойига 436 150 сўм, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа - ойига 436 150 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа - ойига 267 650 сўм миқдорида белгиланди.
 
II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсиялари энг кам миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилиши ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар пенсионерларнинг пенсияларига устама миқдори энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилиши белгилаб қўйилди.
 
Хўш, бу нимани англатади ёки пенсия қай тарзда қайта ҳисобланади?
 
Ҳамма ногиронларнинг пенсия миқдори 1,1 бараварга оширилади, аммо айрим ногиронларнинг пенсия миқдорлари кўпроқ ошади. Масалан II гуруҳ ногирони бўлган Турдиой Тошниёзова (исм, фамилиялар шартли) ёшига нисбатан талаб қилинган стаж 10 йил бўлиб ногиронлик пенсияси расмийлаштиришда 4 йиллик иш стажини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этган, холос. Унга тўлиқсиз стаж билан ногиронлик пенсияси тайинлаб берилган ва энг кам ёшга доир пенсиянинг 50 фоизига етказилган, яъни 198 250 сўм пенсия тайинланган. Агар ушбу пенсия 1.1 бараварга оширилганда 218 075 сўмни ташкил қилган бўлар эди. Эндиликда 1 августдан ушбу шахснинг пенсия миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 75 фоизи, яъни 327 112,5 сўмга қайта ҳисоб-китоб қилинади.
 
Шу ўринда бошқа бир мисол, тўлиқсиз стаж билан II гуруҳ ногирони 250 минг сўм миқдорда пенсия олиб келмоқда, пенсия миқдори 1.1 бараварга оширилса 275 минг сўм бўларди. Юқорида қайд қилинган фармонга асосан у ҳам энг кам ёшга доир пенсиянинг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, яъни 327 112.5 сўмга қайта ҳисоб-китоб қилиб, тўланади.
 
Ёлғиз ногирон пенсионер (ҳеч кими йўқ, яқин қариндошлари, фарзандлари, ака-укалари ҳам йўқ)нинг пенсия миқдори эса бироз бошқача қайта ҳисобланади. Бунда олиб турган асосий пенсия (ёлғиз ногирон сифатида 50 фоиз устамадан ташқари) 1,1 бараварга оширилган миқдорда қайта ҳисобланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 75 фоиз миқдорида устама қўшиб берилади.
 
Масалан, II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз пенсионер Маҳкамов Абдушукур 500 минг сўм пенсия миқдори ва унга энг кам иш ҳақининг 50 фоизи - 101365 сўм миқдорида устама қўшилиб 601 365 сўм пенсия олган. Бунда олиб турган асосий пенсия миқдори 1,1 бараварга оширилган миқдорда қайта ҳисобланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 75 фоиз миқдорида устама қўшиб берилади. Яъни 550 минг сўм асосий пенсия  миқдори ва 167 250 сўм устама қўшиб (жорий йилнинг 1 августдан белгиланган энг кам иш ҳақининг 223 х 75 фоизи миқдорида) ҳисобланади.
 
Фармонга кўра, боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари сонига амалдаги фоизлар нисбати сақланган ҳолда ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.
 
Аслида пенсия ва нафақаларни ажрата олиш муҳим аҳамиятга эга. Негаки, пенсия тайинлаш учун иш стажига эга бўлмаган, айрим шахсларга ижтимоий нафақа тайинланади. Мисол учун, маълум сабабларга кўра ҳеч жойда ишламаган фуқаро вафот этди. Вафот этган ушбу боқувчининг болаларига Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги “Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ ижтимоий нафақалар тайинланади.
 
Низомга кўра, бир болага вафот этган боқувчи олиши мумкин бўлган ижтимоий нафақанинг 50 фоизи, икки, уч ва ундан ортиқ болаларга 75 фоизи тайинлаб берилади.
 
Ушбу тоифада ишламаган боқувчининг бир нафар боласига ижтимоий нафақа яъни, 243 300 сўмнинг 50 фоизи - 121 650 сўм тўлаб келинган. Энди у қайта ҳисобланиб, 218 075 сўмга оширилади. Яъни, энг кам ёшга доир пенсия 436 150 сўмнинг 50 фоизи ҳисобидан келиб чиқиб белгиланади.
 
Фармонда жорий йилнинг 1 августидан I гуруҳ ногиронлик нафақаси, шунингдек, 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилиниши ҳам белгиланган. Алоҳида қайд этиш лозим, ушбу қўшимча тўлов илк бор жорий қилинмоқда.
 
Мисол учун, болаликдан I гуруҳ ногирони 396 500 сўм миқдорда ижтимоий нафақа олади, нафақа миқдори 1 августдан 1,1 бараварга оширилиб 436150 сўмга қайта ҳисобланади. Бундан ташқари энг кам ойлик иш ҳақининг 25 фоизи, яъни 55 750 сўм миқдорида қўшимча тўлов ҳам олади.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *