«Сардоба» тошқини натижасида қанча объект зарар кўргани маълум қилинди

мая 05 / 2020
alt
«Сардоба» сув омборида юзага келган тошқин натижасида зарар кўрган объектлар ва уларнинг сони маълум бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий сайти хабар берди.
 
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, зарар етган инфратузилма объектларига 8 та болалар боғчаси, 16 та мактаб, 7 та тиббиёт муассасаси, 1 та коллеж, 7 та қабристон, 3 та масжид, 13 та республика аҳамиятидаги кўприк, 52 км узунликдаги йўл, 1 та деҳқон бозорини киритиш мумкин. Шунингдек, 99 та кўп қаватли турар-жой биносига қисман зарар етган.
 
Айни вақтда «Сардоба» сув омборининг ёрилиши натижасида тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Фавқулодда вазиятлар содир бўлган ҳудудда Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ва бошқа давлат хизматларининг 2 мингга яқин махсус техникаси ишламоқда.
 
Шунингдек, ушбу ҳудудда Ёнғин ўчириш машиналари ва мотопомпа ёрдамида тошқин суви уйлардан, инфратузилма объектларидан чиқарилиб, суғориш ва дренаж тизимлари тозаланмоқда. Бунга қўшимча равишда электр тармоқлари, газ, сув қувурлари ва бошқа турдаги коммунал тармоқларини тиклаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда тошқиндан зарарланган 58 та базавий мобил станцияларидан 48 таси аллақачон таъмирланди.
 
Маълумот учун, Сирдарё вилоятининг сув тошқини бўлган ҳудудларига жойлардан инсонпарварлик ёрдамлари келиши давом этмоқда. Бугунга қадар Сирдарё вилоятига 180 тонна ун, 48 тонна макарон маҳсулотлари, 63 тонна ўсимлик мойи, 47 тонна гуруч, 37 тонна гўшт, 58 тонна шакар, 228 тонна картошка, 176 тонна пиёз ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *