Махсус янгиликлар 0 Шархлар 6174 кўрилди

"Аслида Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси 100% тўғри гапни гапирди" — Иқтисодчи гўшт ҳақида

сен 12 / 2019

Шу кунларда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитовнинг матбуот анжуманида “Биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз...” деб айтган баёноти катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда.

Кеча Хайитовнинг фикрига баъзи блогерларнинг муносабатини келтиргандик. Бугун иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ҳам ушбу мавзу бўйича муносабат билдирди. Унинг фикрича, Актам Ҳайитов тўғри гапни гапирган.

alt

— Кеча Актам Ҳайитов гапирган гапига жуда кўп нотўғри фикр билдирилди. Аслида Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси 100% тўғри гапни гапирди. Гўшт қимматлашишининг сабабидан бири юқори талабдир. Оддий қилиб айтганда, ўзбекистонликлар кўп гўшт истеъмол қилишидир, деб ёзади Беҳзод Ҳошимов. — Умуман олганда иқтисодий нуқтаи назардан, ихтиёрий нарх қимматлашиши бу талабни таклифга нисбатан тезроқ ўсиши дейиш мумкин. Ўзи аслида талаб ошиши, яна бир нарсага олиб келади, бу ҳам бўлса таклиф ўсишига. Яъни агар гўштнинг, ёки бошқа бир товарни нархи қиммат бўлса, бозордаги одамларга нарх қимматлаши «сигнал» беради, сигнал дегани одамларга нима қилишни айтади. Бизни масалада, фермерларни гўштни кўпроқ ишлаб чиқаришга ундайди, ва истеъмолчиларни камроқ истеъмол қилишга ундайди. Шунда, фермерлар кўпроқ гўшт чиқариши туфайли, ва инсонлар камроқ истеъмол қилиши туфайли, гўштни нархи яна қайтиб тушади.

Бизда гўшт унчалик эластик товар бўлмаганлиги сабабли, нарх ошиши истеъмолни қаттиқ тушишига олиб келмайди.

Лекин нима учун таклиф кўпаймаяпти? Яъни бир нарсани нархи ошса, тадбиркорлар фойда олиш ниятида ўша нарсани кўпроқ чиқаришлари керак ку? Улар кўпроқ чиқаришса, таклиф кўпаяди ва нарх тушади.

Жавоб оддий: маъмурий аралашувлар гўшт ишлаб чиқариш бозорини ҳаддан ташқари рисклик қилиб қўйган. Риск баланд дегани, камроқ одам бу билан шуғулланади, ва фойда коэфиценти баландроқ кутилади дегани. Яъни ҳар гал нарх ошганида, маъмурий чоралар кўрилиб нархни сунъий равишда туширишга ҳаракатлар қилинади.

Масалан, бу ёзда таниш чорва қиладиган фермер билан суҳбатлашган эдим, унга кўра, фермаси жойлашган вилоят ҳокимлиги унга шарт равишда нечадир кило гўштни сунъий равишда арзонроқ сотишга буюришган. У албатта буйруқни бажарган. Энди ўқувчиларга савол: агар шундай чоралар кўрилиши хатари бор бўлса, албатта бу бозорга (гўшт ишлаб чиқариш) киргингиз келмайди. Демак таклиф кўпаймайди. Кейин агар гўштнинг қандайдир қисми имтиёзлик нарх билан сотилса, қолгани, мувозанат нархидан баландроқ сотилиши табиий. Шунинг учун ҳам камдан кам фермер бу иш билан шуғулланмоқчи бўлади. Натижада нарх баланд қолаверади. Аргентина ҳақида мақоламда ҳам айнан шу масала ҳақида ёзган эдим.

Гап бу ерда тугамайди. Мол учун емнинг ҳам қандайдир қисми, «арзон» ва «имтиёзлик» нархларда сотилади. Бу ҳам гўшт нархи ошишига олиб келади, чунки емни ҳам қайсидир қисми арзонга кетишини билсангиз, ем экиб нима қиласиз? Имтиёзлик ем учун, имтиёз олмаган фермерлар тўлашади, ва охири оқибат биз истеъмолчилар тўлаймиз.

Гўштни чет элдан олиб келиш учун барча тўсиқ ва божларни олиб ташлаш ҳам керак. Тирик мол бўладими, тайёр гўшт бўладими, агар чет элдан гўшт олиб келиш осонроқ бўлса, гўштнинг нархи ички бозорда унчалик ўйнамайди.

Ва ниҳоят фермерларга ҳеч ким нима ва қанча ишлаб чиқариш кераклигини буюриши керак эмас. Яъни фермер нарх ошганини билса, ўзи билиб ўша нарсани ишлаб чиқариади. Яни қишлоқ хўжалигидаги “планлар" жуда ҳам нотўғри ва бозор иқтисодига тўғри келмайдиган нарса. Шу «планлар»ни деб фермерлар хоҳлаган пайтида хоҳлаган нарсани ишлаб чиқара олишмаяпти. Натижада гўшт ёки ем қимматлигини билишса ҳам, планларни бажариш илинжида юрган фермерлар қиммат нарсани эмас, буюрилган нарсани ишлаб чиқаришга мажбур бўляптилар.

Иқтисодчи юқоридаги фикрлари бўйича Фермерлар кенгаши раисидан батафсил таҳлил кутиб қолишини билдирган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *