Махсус янгиликлар 0 Шархлар 1045 кўрилди

Хитойнинг "CCTV 6" телеканалида Ўзбекистоннинг шонли тарихи ва бой мероси ҳақида фильм эфирга узатилди

авг 06 / 2018

alt

Хитойнинг “CCTV 6” телеканали Ўзбекистоннинг кўҳна ва шонли тарихи ҳамда бой маданий ва меъморий мероси ҳақидаги “Ўзбекистон тарихига назар ёхуд Буюк Ипак йўли тақдимоти” деб номланган ҳужжатли фильмнинг биринчи қисмини 800 миллионга яқин аудиторияни ташкил қиладиган томошабинлари эътиборига ҳавола этди.

Бу мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси томонидан Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини илгари суриш ва мустаҳамлаш, мамлакатимизнинг сайёҳлик ва маданий салоҳиятини кенг тарғиб этиш, ушбу соҳаларида рўй бераётган улкан ўзгаришларни Хитой Халқ Республикаси жамоатчилигига етказиш юзасидан олиб бораётган саъй-ҳаракатларининг ёрқин амалий натижаларидан бири бўлди.

Ушбу ҳужжатли фильм “CCTV 6” телеканалининг “World Film Report” телекўрсатуви бошловчиси, Хитойдаги таниқли тележурналист Ван Нинтун бошчилигидаги ижодий гуруҳнинг жорий йил май ойида Ўзбекистон бўйлаб уюштирилган ижодий сафарнинг маҳсули сифатида дунё юзини кўрди.

“World Film Report” теледастури сайёҳлик ва саёҳатни оммалаштиришга ихтисослашган кўрсатув ҳисобланади. Мазкур теледастур ўзининг доимий томошабинлари сони билан Хитойдаги саёҳат орқали билимларни ошириш кўрсатувларининг орасида етакчи ўринни эгаллайди.

Намойиш қилинган фильмнинг ушбу биринчи қисмини мамлакатимизнинг тарихи ва замонавий қиёфаси ҳақидаги мухтасар ҳикояси билан бошлар экан, муаллиф бугунги Ўзбекистон Абу Райҳон Беруний, соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Абу Али Ибн Сино сингари кўпдан-кўп буюк аллома ва мутафаккирларга бешик бўлганини алоҳида таъкидлайди.

У қадим Буюк Ипак йўли тарихи хусусида тўхталиб, бу тарихан машҳур йўлда жаҳонга донғи кетган, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд, гўзалликда бетакрор Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент сингари шаҳарлар жуда муҳим ўрин тутганини қайд этади. Ушбу тарихий шаҳарлар бағрида жойлашган, дунёга донг таратган меъморий ёдгорликлар – машҳур Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди, Арк қалъаси, Лаби ҳовуз мажмуи, Сомонийлар мақбараси, Ичон қалъа, Калта минор, Оқсарой ва бошқа қатор тарихий меъморий обидалар билан томошабинларни яқиндан таништиради.

Ҳужжатли фильмда тарих зарварақларида бунёдкор шахс сифатида ўчмас из қолдирган буюк соҳибқирон Амир Темур, унинг улкан салтанатни бунёд этгани, жаҳон илм-фани ва маданиятига жуда катта ҳисса қўшгани, Темур ва Темурийлар даврида илм-фан ва маданият жадал ривожлангани ўз эътирофини топган. Муаллиф етук давлат арбоби, улуғ саркарда, илм-фан, санъат ва маданият ҳомийси Амир Темур ўз салтанати пойтахтини бунё этишда дунёнинг турли бурчакларидан моҳир уста ва меъморларни жалб этганидан ҳам хитойлик томошабинларни воқиф этади. Хитойлик журналист соҳибқирон асос солган улкан салтанат ҳақидаги фикрларини давом эттириб, “Агар ўша даврда Амир Темур Хитойнинг Мин династияси устига ўз қўшинини тортганида бугунги дунё бутунлай ўзгача қиёфа ва мазмун касб этган бўлар эди”, дейди. Муаллиф Амир Темур сиймосини тадқиқ этишга ҳамда иккинчи жаҳон уруши бошланишига оид тарихий фильмлар лавҳаларидан ҳам ўз ўрнида фойдаланган. “CCTV 6” телеканали бугунги кунларда Ўзбекистонда  Амир Темур меросини асраб-авайлаш ҳамда уни келажак авлодларга етказишга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этади.  

Муаллиф Ислом уйғониши даври ҳақидаги фикрларини томошабинлар билан ўртоқлашар экан, жаҳон табобати илмининг султони Абу Али Ибн Синони бу даврнинг ёрқин сиймоси, дея таърифлайди. Ҳужжатли фильмда Ибн Сино ҳаёти, унинг фавқулодда ноёб иқтидор эгаси сифатидаги илмий фаолияти ҳақида атрофлича ва тўлқинланиб сўзлайди. Муаллиф, шунингдек, дунёнинг бошқа мамлакатларида фаолият кўрсатадиган мутахассис, шарқшунос ва тарихчи олимларнинг Ибно Сино ҳақидаги фикрларини ҳам томошабинлар эътиборига ҳавола қилган.

Ҳужжатли фильмда ўзбеклар заминида яшаган ҳамда илмий-ижодий фаолият билан шуғулланган буюк олим ва мутафаккирлар Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек жаҳон илм-фани тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшганига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Юқоридагилар билан бирга, Ўзбекистон ҳудудида археологлар томонидан кашф этилган қадимги шаҳар ва қўрғонлар, топилган буддавийлик ёдгорликлари, турли қадимги тангалар, сопол буюмлар ва бошқа маданий ёдгорликлар хусусида ҳам атрофлича фикр юритилган.  

Ўлкамиз ана шундай бой тарихий-маданий меросга эга эканлигини назарда тутган ҳолда муаллиф “Кўҳна ва шонли тарихга эга Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, кўркам ҳамда гўзалликда бетакрор масжидлари, мақбара ва мадрасалари билан бутун дунё сайёҳларининг эътиборини оҳанрабодек ўзига жалб этаётганини” алоҳида таъкидлайди. 

Маълумот тариқасида шуни ҳам қайд этиш жоизки, “CCTV” (Chinese Central Television) Хитойдаги асосий ижтимоий телетармоқ ҳисобланади. “CCTV 6” телеканали эса тармоқ ичида кино маҳсулотларини эфирга узатувчи Хитой ҳудудидаги энг йирик телеканалдир.

Хитой ижодий гуруҳи раҳбари Ван Нинтуннинг маълум қилишича, “Ўзбекистон тарихига назар ёхуд Буюк Ипак йўли тақдимоти” ҳужжатли фильми жами 5 қисмдан иборат бўлади. Унинг навбатдаги қисми ҳам ҳадемай Хитой томошабиларининг эътиборига ҳавола қилинади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *