Махсус янгиликлар 0 Шархлар 413 кўрилди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойҳаларининг ҳар 5 тадан 4 таси "Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига мос келмаган

окт 30 / 2019

alt

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларини рақобатга таъсири мунтазам равишда Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш Методикаси асосида ўрганиб борилмоқда, дея маълум қилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати.

Рақобатга таъсирни баҳолаш 2 хил усулда, яъни “ex-ante”  лойиҳаларни рақобатга таъсирини баҳолаш ва “ex-post” – амалдаги қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тарзда амалга оширилади.

Биринчидан, “ex-post” усулида баҳолаш ишлари:

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан 2019 йилнинг ўтган даври (июн-сентябр ойлари) мобайнида республиканинг 134 та шаҳар ва туманларида маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқлиги ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижаларида 680 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, ушбу ҳолатлар ҳудудий органлар қошидаги Махсус комиссияларда кўриб чиқилган. Жумладан, 199 та ҳужжатлар (шундан, 142 та Жиззах вилояти,
23 та Самарқанд вилояти, 14 та Сурхондарё вилояти, 12 та Наманган вилояти, 5 та Тошкент вилояти, 2 та Қашадарё вилояти ва 1 та Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг ҳужжатлари) қонун талабларига мувофиқ бўлмаганлиги сабабли бекор қилинган.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 12-моддасига асосан Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шартномалар тузишда устунлик бериш, сотиб олувчиларнинг муайян доирасига товарларни биринчи навбатда реализация қилиш, молиявий маблағларнинг манбаларини танлаш ва улардан фойдаланиш йўналишларининг афзаллиги тўғрисида хўжалик юритувчи субъектга кўрсатмалар бериши таъқиқланган.

Лекин, Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўз тизимидаги туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ва даволаш-профилактика муассасаларига суғурта хизматларидан фойдаланишда “Ўзбекинвест” суғурта компанияси Бухоро вилоят филиали билан ҳамкорлик қилиш топширилган.

Шунингдек, тизимдаги даволаш профилактика муассасаларига айрим турдаги дори-воситаларини Тошкент шаҳридаги “Акмал Фар” МЧЖдан харид қилиш тавсия этилган.

Иккинчидан, “ex-ante” усулида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини кўриб чиқиш натижалари:

Монополияга қарши курашиш қўмитасига ўтган даврда 219 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари келишиш (имзолаш) учун тегишли вазирлик ва идоралар томонидан киритилган. Шундан, 170 тасига Қўмита томонидан тегишли эътирозларни билдирган ҳолда хулосалар берилган,
5 та ҳолатда ҳужжатни қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хат юборилган, 44 та ҳолатда эса (20 фоиз) эътирозларсиз лойиҳа келишилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шоличиликни барқарор ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида шоличилик кластерларига ер майдони ажратиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ва ташаббускорлар ўртасида ёзма равишда тузиладиган битим асосида яъни танлов ўтказилмасдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда амалга оширилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг
12-моддасига асосан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва юридик шахслар бирлашмаларининг товар ёки молия бозорининг нормал фаолият кўрсатишига, рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситувчи ҳаракатларига, шу жумладан:

- тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, реализация қилиш ёки харидлар ҳажми бўйича, товарларнинг хиллари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга;

- хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорга киришини чеклашга ёки уларни бозордан четлатишга олиб келадиган келишиб олинган ҳаракатлари ва келишувларига йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

Шоличилик кластерларига ер майдони ажратишни танловсиз берилиши бошқа тадбиркорлик субъектларига нисбатан чеклашларга олиб келиши мумкинлигини инобатга олиб, ер майдони ажратишни танлов асосида берилиши бўйича лойиҳага норма киритилиши таклиф этилди.

Бундан кўриниб турибдики, Қўмитага келишиш (имзолаш) учун вазирлик ва идоралар томонидан киритилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари лойиҳаларининг ҳар 5 тадан 4 таси “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига мос келмаганлиги учун лойиҳаларга салбий хулосалар берилмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *