Махсус янгиликлар 0 Шархлар 4339 кўрилди

Олий таълим муассасаларининг ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиши: имконият, афзаллик ва рақобат

янв 16 / 2020

alt

Хабарингиз бо, Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида 2020 йил 1 январдан бошлаб юртимиздаги 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.

Янги тизимни жорий этишдан мақсад нима?

Бундан кўзланган асосий мақсад олий таълим муассасаларининг молиявий бошқарув тизимини либераллаштириш, уларга бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилишда кўпроқ имкониятлар яратиш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга замонавий шарт-шароитлар яратиш орқали олий таълимдаги ислоҳотлар самарадорлиги ва таълим сифатини оширишдир.

2020 йил январидан тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтадиган ОТМлар:

- Тошкент давлат иқтисодиёт университети

- Тошкент давлат юридик университети

- Урганч давлат университети

- Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

- Самарқанд давлат чет тиллар институти

- Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти

- Тошкент молия институти

- Тошкент давлат шарқшунослик институти

- Тошкент фармацевтика институти

- Тошкент темир йўл муҳандислари институти.

Тизимнинг афзаллиги нимада?

Ўзини ўзи молиялаштиришга ўтадиган олий таълим муассасаларига таълим бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда ҳамда муассасанинг илмий-педагогик салоҳияти, унинг моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олиб, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари ва тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилади.

Давлат гранти тугатиладими?

Мустақил молиялаштириш тизимига ўтадиган олий таълим муассасаларида давлат гранти ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш давом этади. Бу эса қабул квоталарини нафақат сақлаб қолиш, балки уларни ошириш имконини беради.

Харажатларни ОТМларнинг ўзлари белгилайди

Ҳозирда олий таълим муассасалари ўз маблағларини кўп ҳолларда олдиндан белгилаб берилган тартибда сарфлашга мажбур, яъни ажратилган маблағга мувофиқ харажат қилинади: 46,8% — ойлик маошлар учун, 33,1% — стипендияларга, 11,5% — бюджет учун ажратмалар ва 8,6 % — бошқа харажатлар учун. Янги молиялаштириш тизимига ўтадиган олий таълим муассасалари эса юқоридаги мақсадлар учун қанча маблағ сарфлашни мустақил ўзи белгилайди, яъни мақсадга мувофиқ харажат қилинади.

Бунда, олий таълим муассасаси юқори малакали мутахассисларни жалб этиш ва уларга кўпроқ хақ тўлаш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турларини мустақил белгилаш, иқтидорли, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Қолаверса, олий таълим муассасаларига ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини, китоблар, журналлар, ўқув адабиётларини харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлаш ҳуқуқи берилади.

Контракт миқдори ошириладими?

Янги тизимга ўтаётган олий таълим муассасаларида тўлов-контракт нархларининг кескин ошиб кетмаслиги, қўшимча маблағ топиш мақсадида мавжуд имкониятларга зид равишда ортиқча қабулнинг амалга оширилмаслиги, энг муҳими соҳада коррупцияга йўл қўймаслик учун мазкур 10 та олий таълим муассасасидаги ўқув жараёнлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қатъий назорат қилиб борилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *