Махсус янгиликлар 0 Шархлар 628 кўрилди

Қачонгача фуқаролардан ортиқча маълумотномалар талаб этилади?!

ноя 25 / 2019

alt

Андижон вилояти, Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро Н.М. узоқ йиллар давомида турли соҳаларда хизмат қилиб, нафақага чиқаман, энди набиралар тарбияси билан шуғулланаман, деб турганида нафақа ҳужжатларини расмийлаштириш ташвишлари ортиқча бўлди. Бунинг устига, Хўжаобод тумани пенсия жамғармаси томонидан солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ортиқча ҳужжат сифатида талаб қилиниши “дард устига чипқон” бўлди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан 2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотномалар талаб қилиниши таъқиқланган.

Ушбу ҳолат бўйича фуқарога ёшга доир пенсия тайинлашда ноқонуний равишда СТИР талаб қилиб олганлиги учун Хўжаобод тумани пенсия жамғармаси масъул ходими Агентликнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан маъмурий жаримага тортилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги маълум қилди.

Агентлик томонидан ушбу қарор ижроси мониторинг қилинганда бошқа давлат органлари томонидан ҳам давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида фуқаролардан мазкур маълумотномалар ноқонуний равишда талаб қилиб олинаётганлиги аниқланди.

Мисол учун, “Наманган ҳудудгаз” МЧЖ ва “Ермулккадастр” ДК Янгиқўрғон тумани масъул ходимилари томонидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида фуқаролардан СТИР ноқонуний равишда талаб қилинганлиги ҳолати бўйича Агентликнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ушбу ходимларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.

Бундан ташқари, фуқаро К.Ф.га давлат хизмати кўрсатиш жараёнида Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани марказий поликлиникаси масъул ходими томонидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома ноқонуний равишда талаб қилинган.

Бу ҳолат бўйича Агентликнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан масъул ходимга нисбатан ҳам маъмурий жарима жазоси қўлланилди.

Ушбу қарорга асосан давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар мазкур ҳужжатларни давлат солиқ хизмати органлари, АТБ “Халқ банки”, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан мустақил равишда фақат электрон шаклда сўраб олишлари белгиланган.

Энг ачинарли ҳолат, Агентлик томонидан мазкур қарор ижросини сўзсиз таъминлаш тўғрисида барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар расмий равишда огоҳлантирилиб, қарорнинг мазмун-моҳияти бўйича мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ўтказилаётган бўлсада, фуқаролардан ушбу ҳужжатлар такрор ва такрор талаб қилинаётганлигидир.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *