Беларуслар қалбидан жой олган ўзбек жангчиси — Казбек ёхуд боши учун Гитлер мукофот ваъда қилган ўзбекистонлик

июл 30 / 2019

Беларуслар қалбидан жой олган ўзбек жангчиси €” Казбек

Иккинчи жаҳон урушида кўп миллатли Ўзбекистон халқи ҳам жанг майдонлари ва фронт ортида улкан жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.
 
Урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлди, 133 мингга яқини бедарак йўқолди, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтди. Ўзбекистонлик 120 мингдан зиёд аскар ва офицер жанг майдонларидаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Уларнинг орасида 280 нафар Совет Иттифоқи Қаҳрамони, 82 нафар учала даражадаги “Слава” (Шуҳрат) орденига сазовор бўлган жасур инсонлар бор.
 
photo5319079081133845289.jpg
 
Фарғона вилояти Риштон туманилик Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат кўрсатган Мамадали Топиволдиев халқимизнинг фахр ва ифтихоридир.
 
М. Топиволдиевнинг беларусь халқини немислардан озод қилишдаги жасорати беқиёс. Шунинг учун ҳам улар бугун ўзбек халоскорини юксак қадрлашади. У 1919 йил 20 сентябрда Риштон туманидаги Пандигон қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Отаси Топиволди ака омоч ва қўш билан далага чиқиб деҳқончилик қилган. Онаси Мелибуви эса фарзандлари тарбияси билан банд бўлган.
 
Мамадали меҳнат фаолиятини Риштон алоқа бўлимида почтальонлик лавозимида бошлайди. Кейинчалик тракторчилик касбига ишқи тушиб Оқер қишлоғидаги 1–МТС қошидаги курсда ўқийди. Армия сафига чақирилгунига қадар колхозда тракторчилик билан шуғулланиб, бўш вақтида риштонлик рус, тожик, татар миллатига мансуб ўртоқлари билан қўшни Бағдод қишлоғидаги Серово (ҳозирда Фурқат) темир йўл станциясида оддий ишчи лавозимида ишлаб кун кечираркан. Ушбу станцияда ўтган дамлари уни рус тилини ўрганишда, ҳаёт қийинчиликларига дош беришда ўзига хос чиниқиш мактаби бўлди.
 
photo5319079081133845290.jpg
 
1939 йилда армия сафига чақирилиб, ротада шофер (ҳайдовчи) бўлиб хизмат қилган. Унинг ҳарбий қисми Белоруссиянинг Ломжа шаҳри ёнида 130-артиллерия полкидаги махсус мотоқисм бўлган.
 
1940 йилда махфий топшириқни бажариш пайтида давлат чегарасидаги Белосток шаҳридан полкка қайтаётганда Германиянинг ўта муҳим топшириғини бажараётган жосус – агентни тириклай қўлга туширишда мардлик, жасорат намунасини кўрсатганлиги учун оддий аскар М.Топиволдиевга раҳматнома эълон қилиниб, у ҳукумат мукофотига тақдим этилди.
 
130-артиллерия полки Ломжадан Белосоток шаҳрига кўчирилади. Ушбу шаҳар Рисли дарёсига чегара бўлиб, унинг нарёғида Польша давлати жойлашган бўлиб, Германия босиб олган эди. 1941 йилнинг бошларида давлат чегараси тез-тез бузилиб, осмонда Германия ҳарбий самолётлари хуруж қилиш машқларини ўтказарди. 1941 йил 22 июнда уруш бошлаганида 22 ёшли оддий аскар Мамадали қуролдошлари билан тонг саҳарда душманнинг дастлабки ҳужумини қайтариш жангида ярадор бўлади.
 
photo5321524519548070721.jpg
 
Дастлабки тенгсиз чекиниш жангларда Мамадали хизмат қилган полк қуршовда қолди. У кичик бир гуруҳ билан душман ҳалқасини ёриб ўтиб Могилев вилоятидаги ўрмонларда жон сақлайди. Ўрмонларга туташ бўлган Беларуснинг шаҳар ва қишлоқлари душман томонидан хонавайрон қилиниб, у ерларда аҳён – аҳёнда қариялар, ногиронлар ва ёшлар ночор ҳолда яшарди.
 
Оёғидан оғир яраланган Мамадали очлик-ночорлик ва сарсончиликларга дош бериб, кичик бир Писарево қишлоғига яширинча эмаклаб келиб бошпана ахтаради. Бир аёл ярадор аскарга эшик очиб, уйига олиб киради ва ертўласида уни даволайди. Ушбу аёл Анна Васильевна Рилькова эди, унинг ўғли Иван ҳам армия сафида бўлиб фронтдаги жангларга сафарбар этилган эди.
 
Қишлоқдаги сотқинлар партизан яширинганлигини етказишгач немис ҳарбийлари Рилькова уйини тинтув қилади, уни қамчилаб жазолайди ва уйини портлатиб, ёқиб юборади. Ертўладаги картошка тагига кўмилган Мамадали ёнғинда тасодифан тирик қолади ҳамда бир амаллаб Рацев ўрмонидаги партизанлар отрядига етиб олади. 1941 йил ноябрида Мамадали қуролдоши десантчи Николай Пехота билан фашистлар қўлига ўтган Борисова шаҳрига яширинча кириб, немислар лагеридаги тўсиқларни кесиб ўтиб, у ердан 146 нафар ҳарбий асирларни озод қилади. Лагер бўйидаги Березин дарёсидан ўтишдаги жанглардан эсон-омон чиққанлар ўрмондаги партизанлар ҳаракатига қўшилади.
 
1942 йилнинг февралида Круглое шаҳрига разведкада бўлганида душман полицайлари қўлига тушади. У ерда ҳийла ишлатиб соқчини ўлдириб қочади ҳамда Пасировка, Дудакович, Оглобли қишлоқларида қолиб кетган 13 нафар ҳарбийни топиб партизанлар гуруҳи тузади. Кейинчалик улар Р.А.Кирпич раҳбарлигидаги партизанларнинг “Чекист“ номли отрядига қўшилади. Командир Герасим Алексеевич отряди кейинчалик партизанлар бригадасига айланиб унда рус, беларус, украин, ўзбек, тожик, қирғиз, молдаван ва яҳудийлар ҳам бўлиб, душман ортида кечаю-кундуз тинчлик бермай, унга талофатлар етказиб, душманни саросимага солувчи жанглар уюштирган.
 
1942 йилнинг июль ойида Орша, Шкловск, Круглянск ва Толочинск районларида ҳаракат қилаётган партизан отрядлари бирлаштирилиб, бригада ташкил этилди. Унга командир Александр Федорович Симдянкин (командир) бошчилик қилади. Мамадали бошчилик қилган 5-отряднинг разведка бўлими партизанлари дастлаб Смоленскдан Минск шаҳрига қараб кетаётган душманнинг поездига ҳамла қилишиб, Троцилово – Славное станцияси яқинида душман офицерлари тўла бўлган эшелонга ҳужум уюштириб жасорат кўрсатади. Портлаш натижасида поезд бутунлай йўқ қилиниб, душман асирликка олинади. “Рельслар бўйлаб олиб борилган жанглар”да темир йўлнинг 30 километрли масофасидаги қақшатқич тўқнашувларда Мамадали бир неча марта шахсий жасорат кўрсатган.
 
Мамадали ҳар бир ўтказилган махсус операция сўнггида дарахт ёки деворларга ханжари билан ўзининг “Казбек“ лақабини ёзиб қолдириб, душманни қўрқувда сақлаш одатини тарк этмаган. Айниқса, Толочинск ёнидаги ботқоқликларда душман кучлари группировкасига қарши жангларда фашистларнинг йирик тўдаси йўқ қилинади. Шу йилнинг октябрь ойида Казбек қорамоллар, эчкиларни аҳолидан тортиб олиб Подберезинь қишлоғига тўплаган душманни йўқ қилиш операциясини ўйлаб топади ва чўпонни ер тишлатиб подани отряд штабига олиб келади.
 
1943 йилда “Чекист“ партизан бригадасининг 5-разведка отряди командири Мамадали Топиволдиевнинг жасорати, мард ва жасурлиги Белоруссия бўйлаб тилларда достон бўлади, Олий бош қўмондонлик эътиборига тушди. Иккинчи Жаҳон урушидаги туб бурилиш палласида душман ортида партизанлар ҳаракати ҳам кучайиб, ҳал қилувчи, қўпорувчилик жанглари давом этади. “Чекист“ бригадасининг “Рельслар бўйлаб олиб борган жанги”, ўрмондан туриб қилган ҳужумлари душманларга жуда қимматга тушади. 1943-1944 йиллар қиш даврида М.Топиволдиев жанговар топшириқларни бажариш пайтида бир неча бор пистирмаларга тушади, қуршовларда қолишига қарамай топшириқни бажариш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Москва, Минск ва Тошкент шаҳарларида партизанлар ҳаракатига атаб ёзилган ҳужжатли-тарихий китобларда М.Топиволдиевга махсус тўхталиб, у кўплаб марта оккупация қилинган ҳудудлардан жуда катта қийинчилик ҳамда азоб-уқубатларга дош бериб, “Катта ер” (яъни Москва, Кремль) билан алоқани тиклаб Олий Бош қўмондонга муҳим пакетларни ўз вақтида етказиб турган. Белоруссия партизанлар штабининг қайд этилган жанговар варақаларида “Казбек“, “Чекистнинг қаҳрамонлиги“ каби мақолалар босилиб турган.
 
Кўплаб маълумотларда М.Топиволдиев якка ўзи душман казармаларини барбод қилганлиги, 4 та ҳарбий эшелонни портлатиб 76 нафар фашист аскарини ва ҳатто немис генералини асирга олганлиги, Адольф Гитлер Казбекнинг бошига 50.000 дойчемарка пул “мукофот” ваъда қилганлиги келтириб ўтилган.
 
Казбек ўзининг охирги жангини 1944 йил июнь ойида ўтказиб бўлгач унга яна бир муҳим пакетни “Катта ер“га етказиш вазифаси топширилади. Махфий пакетда Белоруссиянинг тақдири: республикани озод қилишда аҳолини хавфсизлигини таъминлаб, муҳим объектларни жойлашуви ва қақшатқич зарбаларни душманга қарши қайси йўналишларда олиб борилса мақсадга мувофиқлигига оид кўрсатмалар, партизанлар штабида тайёрланган махфий хариталар бўлган.
 
Натижада 1944 йил ёзида Олий бош қўмондонлик қарорига биноан Беларусни батамом душман исканжасидан озод қилиш бошланди. Бутун фронт бўйлаб бир вақтнинг ўзида душман кучларига қақшатқич зарбалар берилиб, 1944 йил 3 июль куни Белоруссия тўлалигича озод қилинди. Партизанлар ҳаракати Белоруссия штабининг буйруғига биноан (29 июнь 1944 йил) Мамадали Топиволдиев 1-даражали “Ватан уруши партизани” медали билан тақдирланди. 1944 йил 5 июль куни М.Топиволдиев қўмондонлик кўрсатмасига асосан Орша шаҳар ҳарбий комендатурасига махсус лавозимга ишга қабул қилинди, қуролдошлари эса 2-Белоруссия фронти жангчилари сафига қўшилиб, Европани фашистлардан озод қилишга отланади.
 
1944 йилнинг 15 август куни Олий Совети Президиумининг фармони эълон қилиниб, унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилади.
 
1945 йилнинг 8 май куни Германия енгилганлиги ҳақидаги битимга имзо чекади, 1941-45 йиллардаги 1418 кечаю-кундуз давом этган урушда фашизм устидан ғалаба қозонилгач, Мамадали Топиволдиев демобилизация қилиниб, она юрти – Ўзбекистонга, жонажон қишлоғи Пандигонга қаҳрамон бўлиб қайтади. Топиволди ота тўнғич ўғли Мамадалини Донохон деган қизга уйлантириб қўяди. Оилада Муборакхон, Аҳмадали, Ҳомиджон, Мавлудахон Ҳасанбой ва Фарҳоджонлар туғилиб вояга етди.
 
Урушдан кейинги йилларда М.Топиволдиев бир неча маротаба Беларусга бориб, озод қилган қишлоқларни, бепоён ўрмонларни ўз кўзи билан яна бир бор кўриб қуролдошларини йўқлар, тутинган онаси Анна Васильевна Рильковани ҳолидан хабар олиб, моддий ва маънавий мадад берарди. Круглянский ва бошқа районларда уни “Ўзимизнинг Толя – Казбек“, “Халоскоримиз“, “Чекист“, “Казбек ботир“ деб қутлардилар. Ўзбек урф-одатларимизга кўра, Мамадали томонидан тутунган онаси А.В.Рилькованинг босқинчилар томонидан портлатиб ташланган уй ўрнида замонавий хонадон қуриб берганини кўриб ҳавас қилади.
 
М. Топиволдиев ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш жараёнида Риштон ва Бағдод туманида Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган кўплаб фахрийлар билан суҳбатлашилди, шунингдек, 1985 йилда нашр этилган Жўра Саримсоқов ва Тоҳир Ҳамроқуловлар муаллифлигидаги “Риштонлик партизан” китоби билан танишиб чиқилиб, уни қайта чоп этиш мақсадида айни кунларда амалий ишлар олиб борилмоқда. Мазкур китоб муаллифларидан бири Т. Ҳамроқулов бизга 1944 йил июнь ойида Совет Иттифоқи Қаҳрамони М. Топиволдиевнинг жанговар фаолиятига бағишлаб ёзилган тавсифнома қўлёзмасини тақдим қилди.
 
Унда шундай жумлалар бор: “М. Топиволдиев разведка ўтказар экан кўпинча қулай вазиятдан фойдаланиб, ўз группаси билан душманга ҳужум қилар, уларнинг юрагига қўрқув солар ва натижада душман қисмлари орасида ўзаро тўқнашувлар юзага келтирарди. Немис полициячилари горнизонлари ва отрядлари билан курашда унинг ташаббускорлиги, топқирлиги ва жасурлиги отряд ва бригадамиз партизанлари орасида доимо ҳавас уйғотарди.
 
Масалан, у Оршанск районидаги Лисуни қишлоғида жойлашган “Волост” бошқармасига ҳужум уюштириб, кулини кўкка совурди. Волконосово қишлоғидаги горнизонга тунда бостириб отишма уюштириши натижасида ваҳимага тушган полициячилар ва немислар бир-бирови билан жангга кириб кетди. Жасур ва қўлга тушмас партизан М. Топиволдиев “Казбек” тахаллуси остида иш кўриши билан фахрланарди. Фашистлар эса уни “Осиё арслони” деб аташар эди”.
 
1969 йил 6 май куни Совет Иттифоқи қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор Мамадали Топиволдиев фожиали ҳалок бўлди.
 
Бутун водий, Ўзбекистон халқи мотам тутиб уни сўнгги йўлга кузатиб қўйди. Афсонавий қаҳрамон қабрига сон-саноқсиз гуллар, Ўзбекистон ва Белоруссия республикалари ҳукумати номидан гулчамбарлар қўйилди. Эртаси куни Белоруссиядан қуролдош дўстлари ҳам етиб келди: Игор Сафронов, Анатолий Мачаховский, Александр Якушка, Нина Курушева, Александр Сметянкинлар қабрни зиёрат қилди. Айниқса, Могилев областидан келган тутунган онаси Анна Васильевна Рилькова ҳаммани йиғлатди: қабрни қучоқлаганича Толя, деб чинқиргани дилларни пора-пора қилди...
 
Мамадали қабрининг тупроғидан олинган бир сиқимни А.В.Рилькова умрининг охиргача сақлайди. У Мамадалининг ўлимидан кейин узоқ яшамади. Анна Васильевна авайлаб сақлаган тупроқни ўз қабр тупроғига қўшиб дафн этишни васият қилади. Писареволиклар унинг айтганини қилди.
 
Беларусь Республикасининг Толочинск райони Писарево қишлоғи ҳозирда Топиволдиевка (шаҳар типидаги посёлкага айлантирилган) деб аталиб келмоқда. Минск шаҳридаги марказий кўчалардан бири ўзбек партизани номига қўйилган бўлиб, Круглое қишлоғидаги қаҳрамонлар аллеясида гранитдан бюсти ўрнатилган.
 
Қаҳрамоннинг она юрти – Риштон туманида марказий кўчага, маҳалла фуқаролар йиғинига Мамадали Топиволдиев номи берилган.
 
(Фотосуратлар муаллиф томонидан Ўзбекистон Республикаси марказий фото-фоно киноҳужжатлар давлат архиви фондидан олинган).
 
Тўлқинжон ЗОҲИДОВ,
тарих фанлари номзоди, доцент.
Фарғона шаҳри
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *