Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтиришда термал плёнкадан фойдаланишни таклиф қилишди

июл 18 / 2019

Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

18 июль куни Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида таклиф этилаётган термал плёнка билан қопланган автомобиль ойналарининг бир нечта намуналари кўргазмали кўринишда тақдим этилиб, уларнинг афзаллиги ва қулайликлари бўйича йиғилганларга батафсил ахборот берилди. Бу ҳақда палата ахборот хизмати хабар қилади.
Термал плёнка бир мунча шаффоф бўлиб, унинг асосий вазифаси автомобиль салонини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан сақлаб, жазирамада исиб кетишини бир мунча камайтиради. Тонировка плёнкасидан анча устунликка эга ва ҳайдовчилар учун ҳам ён-атрофни кўришга халақит бермайди. Энг асосийси, транспорт воситасининг ичидаги шахслар ташқаридан бемалол кўринади ва ҳеч кимнинг хавфсизлигига дахл қилмайди.
Депутатларнинг ушбу ташаббусини Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари қўллаб-қувватлашди ва бу орқали фуқароларга автомобилдан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароит яратилиши таъкидланди.
 
Ушбу масалада муаммонинг ечими сифатида Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи таклиф тайёрланмоқда. Яъни, Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4-бандига мувофиқ, транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, ундан фойдаланиш тақиқланиши белгиланган нормани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Унга кўра, мамлакатимизда ушбу 70 фоиз чеклови 15 фоизга, яъни 55 фоизгача туширилса, ҳайдовчилар бемалол термал плёнкадан фойдаланиши мумкин бўлади. Депутатлар, шунингдек, ушбу амалиётни жамоат транспортларида ҳам қўллаш мумкинлиги таклифини илгари суришди.
 
Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва муҳокамалардан сўнг мазкур масала юзасидан фракциянинг таклифларини Вазирлар Маҳкамасига юборишга келишиб олинди.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *