Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади

мая 24 / 2019

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 27-29 май кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.

Президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, Ўзбекистон – Европа Иттифоқи формати доирасидаги алоқаларни муҳокама қиладилар.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиш режалаштирилган.

Ташриф доирасида Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистон ва ГФР етакчи компания ва банклари, жамоатчилик вакиллари билан учрашиши, қатор саноат ва бошқа объектлар билан танишиши кўзда тутилган.

Федерал президент Хоразм вилоятига ташриф буюриб, Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашади ҳамда Хива шаҳрининг тарихий ва меъморий обидалари билан танишади.

Ташриф якунида иқтисодиёт, молия, таълим, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-22 январь кунлари Германияда бўлганди.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *