Ички ишлар вазири Жаслиқ колонияси ёпилаётганига изоҳ берди (+видео)

авг 05 / 2019

 

2 август куни давлат раҳбари томонидан Қорақалпоғистон ИИВга қарашли 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясининг (Жаслиқ колонияси) тугатилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинганди. Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов “Ўзбекистон 24” телеканалига колония тугатилишининг аҳамияти ҳақида интервью берди.

 
ИИВ раҳбарининг таъкидлашича, 1999 йилда Қўнғирот туманининг Жаслиқ қўрғонида қурилган муассасанинг ёпилиши мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ва жаҳон ҳамжамияти олдида жуда катта аҳамиятга эга. Бу ерда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир қилган ва узоқ муддат озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахслар сақланиб келинади, ушбу колония нафақат бизнинг фуқаролар орасида, қолаверса, халқаро ташкилотлар орасида ҳам салбий ном қозонган.
 
Бу колонияни тугатиш нима учун зарур бўлиб қолди?
 
Биринчидан, жойлашиши — Нукус шаҳридан 300 км, Қўнғирот туман марказидан эса 180 км узоқликда. Иккинчидан, иқлимини олсак, қишда қаҳратон совуқ, ёзда жазирама иссиқ. Жазони ўтаётган шахслар, уларнинг қариндошлари, яқинларининг келиб-кетишларига ҳам ўта ноқулай, - деди вазир.
 
“Сиз бир тасаввур қилинг, Фарғона вилоятидан, Андижон ёки Сурхондарё вилоятидан ота-она ёки фарзандлари билан ўша ерда жазо ўтаётган маҳкумни кўриш учун келиш жуда кўп масофа босиб, Жаслиқ қўрғонига борилар эди”, — деди П.Бобожонов.
 
Ўз навбатида ички ишлар вазири “Жаслиқ” жазони ижро этиш колониясида 5000 дан 10000 кишигача, шунингдек, 5000 нафаргача диний экстремистларнинг сақланиши тўғрисидаги хабарларни рад этди.
 
Унинг маълум қилишича, мазкур муассасанинг бугунги кундаги лимити 1100 ўрин. Ҳозирги кунда 395 нафар маҳкум сақланаяпти ва шуларнинг атиги 10 фоизи диний-экстремистик жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслар.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *