Президент 2019 йил учун қўшимча дам олиш кунларини белгилади

ноя 13 / 2018

 

alt

Президент 12 ноябрь куни "2019 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.
 
2019 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шароитлар яратиш, дам олиш ва байрам кунларидан оқилона фойдаланишини таъминлаш мақсадида қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгиланди:
 
2 январь – чоршанба;
 
22 март – жума;
 
2 сентябрь – душанба.
 
2019 йилда қуйидаги дам олиш кунлари кўчирилади:
 
5 январь – шанба 3 январь – пайшанбага;
 
1 июнь – шанба 6 июнь – пайшанбага;
 
7 сентябрь – шанба 3 сентябрь – сешанбага;
 
28 декабрь – шанба 31 декабрь – сешанбага.
 
Бюджет ташкилотларида ушбу Фармоннинг 1-бандида белгиланган қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини уч иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади.
 
Ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, унга ушбу Фармонда белгиланган қўшимча дам олиш кунлари қўшилади.
 
Ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартириш ҳисобга олинган ҳолда ўн беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
 
Бюджет ташкилоти ҳисобланмаган ташкилотларда ушбу Фармоннинг 1-бандига мувофиқ қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, жамоа шартномалари ёки иш берувчилар томонидан касаба уюшмаси қўмиталари билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал норматив ҳужжатларда белгиланади.
 
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда, республика аҳолиси учун ички туризм ва фаол дам олиш йўналишларини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилишини ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этади.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *