Президент раислигида экспорт, инвестиция ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди

авг 13 / 2019

alt

Шавкат Мирзиёев раислигида 12 август куни иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 
 
Йиғилишда “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ҳамда Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида экспортни кўпайтириш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мутасадди раҳбарлар экспортёрларнинг муаммолари билан тизимли шуғулланмаётгани, давлат томонидан яратилган имкониятларни тадбиркорларга етказиб, уларнинг ташқи бозорга чиқишига кўмаклашмаётгани танқид қилинди. 
 
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошчилигида ташкил этилган Ҳудудлар ва тармоқларнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича Республика комиссияси корхоналар вакиллари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб, уларни экспорт фаолиятига жалб этиши, бу борадаги муаммоларини ҳал этиш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва сертификациядан ўтказиш бўйича ёрдам бериши зарурлиги таъкидланди. 
 
– Экспорт имкониятларимиз кўп. Хусусан, пахта толаси ва мева-сабзавотни қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулотлар чиқариш мамлакатимизнинг ривожланиш нуқталаридан бири бўлиши керак. Шу орқали экспортни кўпайтирамиз ва янги иш ўринларига эга бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.  
 
Йиғилишда мева-сабзавот экспортини 2021 йилда 2 баробар ошириш зарурлиги таъкидланди. Такрорий майдонларга экспортбоп экинлар экиш, айниқса, дуккакли маҳсулотларни экспортга кўпроқ чиқариш муҳимлиги қайд этилди. 
 
Хорижга ташрифлар ҳамда халқаро кўргазмалар доирасида имзоланган экспорт шартномаларининг бажарилиши, октябрь ойида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли халқаро кўргазма ўтказилишига оид масалаларга ҳам эътибор қаратилди.    
 
Экспортёрларнинг хориждаги савдо уйлари устав капитали миқдорини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
 
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш суст кечаётган тармоқлар раҳбарлари мавжуд ҳолат сабаблари ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш режалари тўғрисида ҳисобот берди. 
 
Таҳлилларга кўра, охирги ўн йилда ишга туширилган қирққа яқин йирик корхона қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. 
 
Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган корхона ва объектлар фаолиятини таҳлил қилиб, кам қувватда ишлаётганларини лойиҳа параметрларига олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. 
 
Видеоселекторда яна бир муҳим соҳа – маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масаласи атрофлича таҳлил қилинди. 
 
Маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қиймат яратиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш иқтисодиёт барқарорлигининг муҳим омилидир. Шу боис мамлакатимизда маҳаллийлаштиришни ривожлантириш, корхоналар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтиришга зарур шароит яратилмоқда. 
 
Лекин айрим тармоқ ҳамда ҳудудларда маҳаллийлаштириш бўйича ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани танқид қилинди. 
 
– Шунча шароит яратяпмиз, технологиялар олиб келяпмиз. Жойлардаги раҳбарлар эса ўзини қийнамай, маҳаллийлаштириш устида ишлаш ўрнига осонгина импорт қилишга ўрганган, – деди Президент.
 
Вазирлар Маҳкамасига барча тармоқ ва ҳудудлар корхоналарида маҳаллийлаштирилган товар ишлаб чиқариш ҳажмини келгуси икки йилда камида 20 фоизга ошириш, импорт улуши юқори бўлган товарларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.
 
Ҳисоб палатаси таркибида маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларини таҳлил қиладиган бўлинма ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. 
 
Видеоселекторда тармоқлар ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ҳисобот ва таклифлари эшитилди.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *