Президент Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузишни таклиф қилди

июн 21 / 2019

Олий Мажлиси Сенатида янги қўмита – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузилади. Тошкентда 21 июнь куни Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида Президен ушбу таклифни билдирди.
 
Давлат раҳбари ўз нутқида хотин-қизлар учун муносиб иш ва турмуш шароитлари яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, аёлларнинг социал-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берди. 
 
– Бир нарсани тан олиш керак: аёллар халқнинг дардини бошқалардан кўра чуқур ҳис қилади. Бу йил декабрь ойида Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда меҳнаткаш ва оқила аёлларимиз қанчалик кўп сайланса, бундан давлатимиз ҳам, жамиятимиз ҳам фақат наф кўради, – деди Президент. 
 
Президент халқнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини янада яхшилаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш билан боғлиқ вазифаларни бажаришда Сенатнинг роли ва таъсирини ошириш зарурлигини таъкидлади. 
 
Миллий ва ҳудудий манфаатлар нуқтаи назаридан қонунлар ишлаб чиқилишида сенаторларнинг фаоллигини ошириш, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, Сенатнинг халқаро йўналишдаги фаолиятини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди. 
 
– Биз Сенат деганда, биринчи навбатда миллий парламентимизнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маданий савиясини амалда намоён этадиган, халқ манфаатларининг чинакам ифодачиси ва ҳақиқий ҳимоячиси бўлган катта бир кучни тасаввур қиламиз. Сенатор – бу халқнинг юксак ишончини қозонган вакил. Халқимиз олдида ҳаммамиз масъул ва жавобгармиз, – деди Шавкат Мирзиёев. 
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 
 
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *