Президент: "Бу ерга қарсак учун эмас, ишлаш учун, халқимиз кўзини кўриш учун келдим"

авг 21 / 2019
alt
 
Шавкат Мирзиёев раислигида Нукус шаҳрида Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
 
Президент ҳудудда ҳали жиддий муаммолар кўплигини, саноатни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича ишлар етарли эмаслигини таъкидлади. 
- Бу ерга қарсак учун эмас, ишлаш учун, халқимиз кўзини кўриш учун келдим, - деди Шавкат Мирзиёев. - Дунёқарашини ўзгартирмаган сектор раҳбарлари оёғимизга кишан. Ишга кирган битта хотин-қизнинг бахтини тасаввур қиласизларми? Ёшларни ким етаклайди, тўғри йўналиш беради? Мўйноқ мисолида кўрдиларингиз. Одамларнинг кўзларида «қилса бўлар экан-ку» деган нур бор. Лекин энди бу тарих. Ҳамма туманларда шундай ўзгаришлар қилиш керак.
Биринчи ярим йилликда Қорақалпоғистонда саноат ишлаб чиқариш ҳажми атиги 0,5 фоизга ўсгани, Тахтакўпир, Шуманай, Нукус, Чимбой, Тўрткўл, Кегайли туманларида саноат деярли йўқлиги танқид қилинди. Хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик ривожи ҳам сустлиги кўрсатиб ўтилди.
- Охирги уч йил мобайнида туб ислоҳотлар натижасида кўплаб соҳаларни эркинлаштирдик, уларнинг ривожига халақит берган чекловларни бекор қилдик. Қорақалпоғистонда ҳам ҳар бир сектор раҳбари чекловларни бекор қиламан, тадбиркорга хизмат қиламан, деган қоида, шиор билан ишлаши керак, - дея таъкидлади Президент.
 
Йиғилишда Қорақалпоғистонни янада тараққий эттириш бўйича бешта устувор йўналиш белгилаб берилди.
 
Биринчиси саноатни ривожлантириш, барча тармоқларда йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишдан иборат.
 
Иккинчи устувор йўналиш тадбиркорлик гуллаб яшнаши учун кенг йўл очиб бериш ва уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашдир. 
 
Қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни кенг жорий қилган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми, ҳосилдорлик ва маҳсулот турларини кескин ошириш учинчи устувор йўналиш этиб белгиланди.
 
Тўртинчиси – ишлаб чиқариш ва одамлар учун қулай бўлган замонавий инфратузилмани яратиш. 
 
Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароити ва турмуш даражасини яхшилаш юзасидан кенг қамровли ишларни амалга ошириш эса бешинчи устувор йўналиш сифатида эълон қилинди. 
 
Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, уларни турли соҳаларга ихтисослаштириш бўйича тавсиялар берилди. 
 
Жумладан, Қораўзак тумани қурилиш материаллари, Беруний, Хўжайли, Нукус туманлари мева-сабзавотчилик, Тахтакўпир чорвачилик, Шуманай паррандачилик, Элликқалъа узумчилик ва туризм, Мўйноқ балиқчилик ва чорвачилик, Кегайли чорвачилик, қизилмияни қайта ишлаш ва қоғоз саноати, Қанликўл дуккакли экинлар ва шоли етиштиришга ихтисослаштирилиши қайд этилди. Қўнғиротни нефть-кимё саноати ва чорвачиликка, Чимбойни қизилмия етиштириш ва қайта ишлашга, Тўрткўлни шиша, ойна ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, Амударёни боғдорчилик, тўқимачилик ва пиллачиликка, Нукус шаҳрини эса фармацевтика ва электротехникага ихтисослаштириб, Тахиатош туманини саноат ишлаб чиқариш ҳудудига айлантириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *