Президент: Оҳангарондаги маиший чиқиндилар полигони тўлиб қолди

июн 03 / 2019

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти иқтисодиётини ривожлантириш, янги корхоналар ва иш ўринлари яратиш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди. 
 
2019-2020 йиллар учун умумий қиймати 39 триллион 833 миллиард сўм (4,7 миллиард доллар) бўлган 784 та инвестиция лойиҳасидан иборат янги ҳудудий дастур шакллантирилгани қайд этилди. Уларнинг 15 таси давлат аҳамиятига эга йирик лойиҳа бўлса, 769 таси хусусий бизнес ва инвесторлар иштирокида амалга оширилади. 
 
Рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектларининг 17 фоизи ишламаётгани, Ангрен шаҳри ва Чиноз туманида бу кўрсаткич 30-33 фоизни ташкил этиши танқид қилинди. Уларнинг фаолиятини тиклаш, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган оилаларга «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида жорий йилда 350 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича топшириқ берилди. Талаб бўлса, яна қўшимча маблағ ажратилади.
 
Давлат раҳбари Тошкент вилоятидаги ижтимоий ва коммунал соҳаларга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
- Вилоятда аҳолининг 64 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминлангани жиддий муаммо. Амалда бу кўрсаткич 40-50 фоиз даражасида. Бўка, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Нурафшон шаҳрида 30 фоизга ҳам бормайди. Сизлар кабинетда қандай ўтирасизлар? - деди Шавкат Мирзиёев.
Бу муаммони ҳал этиш мақсадида жорий йилда 440 километр ичимлик суви тармоқлари ва 301 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Осиё тараққиёт банки иштирокидаги қиймати 144 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида қурилиш ишлари бошланган.
- Вилоятда долзарб бўлган яна бир муаммо экология билан боғлиқ. Тошкент шаҳридаги маиший чиқиндилар ташланадиган Оҳангарон туманидаги полигон 98 фоизга тўлган. Шунинг учун бу полигонни ёпиб, янгисини қуриш керак. Бу экология тозалиги, аҳоли саломатлиги учун муҳим масала, - деди Президент.
Умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари, ички йўллар билан боғлиқ муаммоларни ҳам тезкор ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди.
 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *