Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Швейцарияга боради

ноя 20 / 2018

alt

Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Швейцарияга ташриф буюриши кўзда тутилган. 19 ноябрь куни Берн шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Швейцария сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раундида мазкур масала муҳокама қилинди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.

Ўзбекистон делегациясига Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов, Швейцария Конфедерацияси делегациясига Федерал ташқи ишлар департаменти давлат котиби ўринбосари Кристина Марти Ланг бошчилик қилди.

Музокараларда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик ҳолати ва уни фаоллаштиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинган.

Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Швейцарияга ташрифини ташкиллаштириш ва уни муваффақиятли ўтказишдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланган.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий, инвестиция ва молия соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро савдода товар ва хизматлар турларини кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, икки давлат бизнес вакилларини ҳамкорликка кенг жалб этишга томонлар тайёр эканлиги таъкидланди. Шу ўринда келгуси йилнинг биринчи ярмида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-мажлисини ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

Учрашувда минтақавий ва халқаро муаммоларнинг муҳим жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Шу куннинг ўзида Швейцария Федерал мажлиси Миллий кенгашининг (парламент) халқаро парламентлараро алоқалар хизмати раҳбари Клаудиё Фишер, Федерал молия департаменти Давлат котиби Ёрг Гассер ва Швейцария ташқи сиёсат идорасининг сув масалалари бўйича янги тайинланган Махсус Элчиси Гай Бонвин билан музокаралар ўтказилган.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Канадага бориши хабар қилинганди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *