Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси делегациясини қабул қилди

ноя 19 / 2018

alt

Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни конгрессмен Трент Келли бошчилигидаги АҚШ Конгресси делегациясини қабул қилди. Пезидент матбуот хизмати бу ҳақда хабар берди.
 
Давлат раҳбари таркибида АҚШ Вакиллар палатаси аъзолари Висенте Гонсалес, Рональд Эстес, Рожер Маршалл ва Женнифер Гонсалес Колон ҳам бўлган делегацияни самимий қутлар экан, конгрессменларни АҚШ парламентига оралиқ сайлов муваффақиятли ўтгани билан табриклади.
 
Кейинги йилларда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил май ойида Вашингтонда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб бергани таъкидланди.
 
Турли йўналишлар бўйича икки томонлама алоқалар фаоллашди, конструктив сиёсий мулоқот йўлга қўйилди, парламентлараро алмашинувлар, шунингдек, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.
 
Президент АҚШ Вакиллар палатасида конгрессменлар Т.Келли ва В.Гонсалес раҳбарлигида «Ўзбекистон бўйича кокус» ташкил этилганини мамнуният билан қайд этди. Ушбу механизм муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва аниқ иқтисодий лойиҳаларни илгари суришда самарали омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
 
Учрашувда икки томонлама муносабатларга доир, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.
 
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратиш ҳамда бу борадаги қўшма лойиҳаларни, аввало, ҳудудлараро даражада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *