Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши якунланди

мая 24 / 2016

alt

Йиғилишда Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари Эрлан Абдилдаев, Ерлан Идрисов, Сергей Лавров, Сирожиддин Аслов, Ван И ва Абдулазиз Комилов ҳамда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва ШҲТ Минтақавий антитеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоевлар иштирок этди.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига тайёргарлик доирасида ташкилот фаолиятининг турли йўналишларидаги ҳамкорликнинг ҳамда халқаро ва минтақавий масалаларда ташкилот роли ва ўрнини оширишнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

ШҲТга аъзо давлат мақомини қабул қилиш мақсадида Ҳиндистон ва Покистоннинг мажбуриятлари тўғрисида меморандум имзолаш масаласини Давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этишга қарор қилинди.

Мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисида Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа Қироллиги ва Непал билан меморандумлар имзоланганлиги вазирлар томонидан маъқулланди.

Вазирлар томонидан таъкидлаганидек, ШҲТ Хартияси ва бошқа асосий ҳужжатларига мувофиқ равишда терроризм, сепаратизм, экстремизм, наркотикларни ноқунуний ишлаб чиқариш ва тарқатиш, трансчегаравий жиноятчиликлар, замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар, ноқунуний миграция ва одам савдоси воситаларига қарши умумий курашиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.

Шунингдек долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, уларнинг ривожланиш тенденциялари, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкмалаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

ШҲТнинг 15 йиллигига бағишланган Тошкент декларацияси ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишининг якунлари бўйича ахборот лойиҳалар ҳамда Бош котиб Рашид Алимов томонидан тақдим этилган ўтган йилда ташкилот Котибиятининг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқланди.

Делегация раҳбарлари ташкилот фаолияти ва Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига оид қатор масалалар бўйича ҳам қарорлар қабул қилдилар.

Вазирлар ШҲТда раислик қилаётган Ўзбекистон томонидан ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган йиғилишига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бердилар.

ТИВ ахборот хизмати

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *