"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Тошкентда доимий прописка қилиш тартибини турар жойи бўйича ҳисобга олиш тизими билан алмаштиришни таклиф қилди

июн 11 / 2019

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати шу кунларда ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВларда кенг муҳокама қилинаётган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага қўйиш масаласи ҳақида ўз муносабатини билдирди.
 
Унда қайд этилишича, 2018 йилда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастурида Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш тартиби назарда тутилган бўлса-да, ушбу масала тўлақонли амалга оширилмаган. Бу эса фуқаролар томонидан эътирозларнинг янада кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка бўйича амалдаги тартиб юзасидан ўтказилган сўровномада 17 минг 700 нафардан зиёд фуқаро иштирок этиб, уларнинг асосий қисми, яъни 49 фоизи ушбу тартиб фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига мутлақо зид эканлигини билдирган:
alt
Белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлақонли амалга оширилганида, бугунги кунга келиб фуқароларнинг норозилиги ва муҳокамаларига сабаб бўлмас эди. Аксинча, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига амал қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада ошишига, урбанизация жараёнларига, ижтимоий ривожланиш, хусусан, истиқболли кадрларнинг хорижга чиқиб кетишининг олди олинишига хизмат қилган бўлар эди, дейилади муносабатда.
 
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, белгиланган вазифаларнинг тўлақонли бажарилишини инобатга олган ҳолда, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу масала юзасидан қўйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди:
 
— Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка қилиш тартибини турар жойи бўйича ҳисобга олиш тизими билан алмаштириш. Бунда ҳисобга олишни Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали соддалаштирилган тартибда амалга ошириш;
 
— Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини эътироф этишни нафақат бирламчи бозор, балки иккиламчи бозорда, шунингдек умрбод ўзгага берилганда ёки ҳадя қилинганда ҳам бериш тартибини жорий қилиш.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *