11 май тонгги хабарлари (фото)

мая 11 / 2019

Ўзбекистондаги блокланган сайтлардан тўлиқ фойдаланиш имкони яратилди 

alt

Кеча, 10 май куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори Комил Алламжоновнинг фейсбукдаги саҳифаси орқали агентликнинг расмий баёноти эълон қилинди. Унда баён этилишича, Ўзбекистонда  веб-ресурсларнинг тўлақонли ишлашига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланган ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилган.

10 майдан эътиборан, «Voice of America», «Amerika ovozi», «BBC Uzbek», «Deutsche Welle», «Amnesty International», «Human Rights Watch», «Reporters sans frontieres», «Eurasianet.org», «AsiaTerra», «Fergana Agency», «Centre1», «Uzmetronom» каби веб-ресурслар ва бошқа хорижий веб-сайтлардан тўлиқ фойдаланиш имкони мавжуд бўлди.

alt

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрел ойида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти(ЕХҲТ)нинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини сайтларни блокламасликка ва ОАВ ҳақидаги қонунни халқаро нормаларга мувофиқлаштиришга чақирган.

Комил Алламжонов эса Дезирнинг ушбу баёноти билан танишиб чиққани ва айрим сайтларга киришда муаммолар бўлаётганини диққат билан ўрганиб чиқишини айтган. Бироқ бу ваъда ҳамон ортга сурилиб келинаётган эди.

alt

Матбуот ва ТВ даги чиқишлари билан танилган Фонд раҳбари пора билан ушланди

alt

10 май куни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган.

Фонд раҳбари Жиноят кодексининг "фирибгарлик" (168) моддаси билан айбланаётгани, унинг ўзини ДХХ ходими сифатида таништириб, товламачилик ва фирибгарлик йўли билан жуда катта миқдорда пора олгани айтилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

10 майдан йўл ҳаракати қоидаси бўйича янги қонун кучга кирди

alt

Ҳукуматнинг кундуз куни автомобиллар чироқларини ёқиб юриши тўғрисидаги қарори 10 майдан кучга кирди.

Шунингдек:

➖ аҳоли пунктларида иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракатли йўлларда тўхташга рухсат этилди;

➖ айланма ҳаракат чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт айланага кириб келаётган транспортларга нисбатан устунликка эга;

➖ куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспортлар яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт.

alt

Гандбол бўйича қизлар Осиё йўлланмасини қўлга киритишди

alt

Мўғилистон пойтахтида гандбол бўйича Халқаро гандбол федерациясининг тақвим режасидан ўрин олган “Trophy” мусобақасининг Марказий Осиё босқичи ўз якунига етди. 

Қизлар ўртасида ўсмирлар ва ёшлар тоифаларида кечган мусобақанинг сўнгги турида ёшларимиз тожикистонлик тенгқурларига қарши майдонга чиқиб, йирик 54:3 ҳисобида устун келишган.

Ҳар икки тоифадаги терма жамоамиз вакилларига олтин медаллар ҳамда кубок топширилган. Регламентга мувофиқ, ғолиб терма жамоа билан иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар “Trophy” кубогининг Осиё минтақасига йўлланмани қўлга киритган.

Жиззахлик “Уддабурон наркокурьерлар” қўлга тушди

alt

Жиззахнинг Бахмал тумани «Зафаробод» қишлоғида яшовчи 41 ёшли Ҳосилмурод Элмуродов 15 килограмм 420 грамм опий гиёҳванд моддасини Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманидан мамлакатимизга яширин йўллар орқали олиб кирган. Сўнг оғуни Самарқанд вилоятига етказиш учун ҳамқишлоғи О.Очиловни ўзига шерик қилган.

Катта даромад топиш илинжида бўлган Ҳосилмурод Элмуродов “ишга”  “Зафаробод” қишлоғидаги 49-мактаб она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишловчи туғишган акасини ҳам жалб қилган. Шу тарзда бахмаллик “наркокурьерлар” томонидан олиб ўтилган катта миқдордаги опий моддасининг 13 кг 280 грамми Самарқанд вилояти Ургут тумани  “Чеп” қишлоғида яшовчи Шукрулло Сувоновга етказиб берилган.

Шукрулло Сувонов опий моддасини ўзининг “Ласетти” автомашинасида Самарқанд шаҳрига олиб кетаётган вақтда қўлга олинган. Тезкор тадбир давомида Ҳосилмурод Элмуродовнинг яшаш манзили кўздан кечирилганда 2 кг.140 грамм миқдорда “опий” гиёҳвандлик моддаси аниқланган.

     Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бектемирдаги битум заводида ёнғин содир бўлди

alt

2019 йилнинг 10 май куни соат 13.10 да Тошкент шаҳар ФВБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасига Бектемир тумани Чирчиқ бўйи кўчаси 12-уйда жойлашган “Кучли қурилиш моллари” МЧЖга қарашли битум ишлаб чиқариш цех ҳудудида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақидаги хабар келиб тушган. 

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББнинг  ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмасининг маълум қилишича, хабар асосида зудлик билан 7 та асосий ва 1 та ёрдамчи ёнғин ўчириш экипажлари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар соат 13.14 да воқеа жойига етиб келиб, ёнғин соат 13.25 да қуршаб олинган ва соат 13.33 да тўлиқ бартараф этилган.

Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғиннинг кенг майдонларга тарқалиши олди олинган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин тахминан цехдаги технологик жараённинг бузилиши оқитабида келиб чиққани айтилмоқда.

 Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев яна ҳокимликка қайтди

alt

Қурилиш вазири лавозимида фаолият юритиб келган Абдуқаҳҳор Тўхтаев Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигига қайта сайланди.

Шайхонтоҳур тумани депутати Бобур Расуловнинг маълум қилишича, кеча, 10 май куни Шайхонтоҳур Халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг номзоди бир овоздан тасдиқланган.

Абдуқаҳҳор Тўхтаев қурилиш вазири этиб тайинлангунига қадар Тошкент шаҳар ҳокими (2005-2011), Жиззах шаҳар ҳокими (2016-2017), Олмазор (2017-2018) ҳамда 1996-1999 йилларда Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимларида ишлаган.

 

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкент шаҳри. Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 11 май куни пойтахтда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 15-17 даража илиқ, кундузи 32-34 даража иссиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 17-22 даража илиқ, кундузи 32-37 даража иссиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 15-20 даража илиқ, кундузи 34-39 даража иссиқ бўлади.

Тошкент вилояти. Ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, кечга томон баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 15-20 даража илиқ, кундузи 30-35 даража иссиқ бўлади.

Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари. Ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 15-20 даража илиқ, кундузи 30-35 даража иссиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 17-22 даража илиқ, кундузи 34-39 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 15-20 даража илиқ, кундузи 27-32 даража иссиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 22-27 даража иссиқ бўлади.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *