14 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 14 / 2019

Тошкентдаги санъат музейида Қозоғистон рамзи “Олтин одам” намойиш этилмоқда

alt

Ўзбекистон давлат санъат музейида “Буюк дашт: тарих ва маданият” номли кўргазма очилган. Кўргазма асосий мақсади санъат ва маданият ихлосмандларини Қозоғистоннинг бой тарихи ва маданий мероси билан таништиришдан иборат бўлиб, Унда Қозоғистон Республикаси рамзи ҳисобланган “Олтин одам” намойишга қўйилган.

alt

alt

Маълумотларда қайд этилишича, 1960 йилларнинг охири 1970 йилларнинг бошида Олмаота шаҳри атрофида археологик қазиш ишлари олиб борилган. Иссиқ қўрғонда тадқиқот олиб бораётган Кемал Акишев томонидан Саклар шоҳи “Олтин одам” қолдиқлари топилган. Бу топилма ўз навбатида Қозоғистон рамзига айланган.

“Қозоқ Тутанхамони” дея атала бошланган ноёб топилма асрнинг йирик кашфиёти деб тан олинган.

Авторақамлар беришнинг соддалаштирилган ва коррупциясиз усули жорий этилади

alt

Жорий йилнинг 1 май ойидан бошлаб Тошкентда автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва авторақам бериш хизмати Тошкент ИИБ билан ҳамкорликда Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилади.  

Марказлар томонидан қуйидаги тоифадаги автотранспорт воситалари рўйхатдан ўтказилиши режалаштирилган:

– Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва хориждан келтирилган янги автомототранспорт воситалари;

– нотариал олди-сотди шартномаси асосида мулкдори ўзгарган иккиламчи автотранспорт воситалари.

Тошкентдаги ҳовлиларнинг бирида, қудуқ ичида мурда топилди    

alt

11.04.2019 йил соат 13:15 да Тошкент шаҳар ИИББга келиб тушган хабарга кўра, Яшнобод тумани, С.Машхадий 1-берк кўчаси, 12-уй ҳовлисидаги қудуқ ичидан фуқаро А.Хнинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.

Тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида, тахминан 2018 йилнинг январь ойида марҳум А.Х ва вояга етмаган фуқаро К.Ш.нинг норасмий равишда балиқ кўпайтириш фаолияти билан шуғулланиб келганликлари аниқланган. Ушбу яширин тарздаги тадбиркорлик фаолиятини улар С.Машхадий кўчасидаги ҳовлида амалга ошириб келишган. 

10.04.2019 йилда ҳовлида ҳеч ким бўлмаган пайтда, ўрталарида келиб чиққан жанжал оқибатида, К.Ш. шу ерда бўлган болға билан А.Хнинг бош қисмига бир неча маротаба қасддан уриб, ўлдирган ва жиноий изларини яшириш учун мурдани ҳовлидаги қудуқ ичига ташлаб, воқеа жойидан яширинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҲТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таиландда бўлиб ўтган Жуи-Житсу мусобақасида ҳамюртларимиз 2-ўринни эгаллашди

alt

Жорий йилнинг 10-12 апрел кунлари Таиланд қироллигининг Чанг Майи шаҳрида Жиу-житсу бўйича талабалар ўртасидаги Жаҳон Кубоги баҳслари ўтказилган. Унда  дунёнинг 20 га яқин мамлакатлари спортчи талабалари иштирок этишган.

alt

Ўзбекистон Жиу-житсу федерацияси матбуот бўлимининг хабар беришича, Ne Waza, Fighting, Duo system йўналишларида бўлиб ўтган илк муросасиз баҳслар якунида Умид Набиев, Феруз Усмонов, Нозимжон Одилов, Камолиддин Анарқулов, Азизбек Тохиров, Умид Рахимовлар терма жамоа ҳисобига 6 та олтин медални қўшиб қўйган.

alt

Умумжамоа ҳисобида спортчиларимиз 2-ўринни эгаллашган.

16-апрель куни ғолиб ва совриндорлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро Аеропортида кутиб олинади.

Бувайдада яна бир яширин электр линияси фош этилди

alt

Фарғона вилоятининг Бувайда тумани, Алқор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи  Б.Имомов яшаш хонадони томорқасида шолини қайта ишлаш учун мўлжалланган “Ойжувоз” тегирмонини ташкил этиб, уйнинг орқа тарафидан ўтган электр линиясига яширин равишда уланиб олган.

alt

Бу ҳақда Республика МИБ матбуот хизмати хабар бермоқда. Б.Имомов электр энергиясидан қонуний фойдаланиб келаётганлигини кўрсатиш учун электр ҳисоблагич ўрнатиб, унга атиги 2 дона ёритиш лампочкаларини улаб қўйган.

alt

Бюронинг Бувайда туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Б.Имомовнинг қилмиши фош этилиб, туман электр таъминоти корхонаси манфаатларига жами 49 млн. 798 минг сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Б.Имомов ўз айбини тўлиқ тан олган ҳолда 49 млн. 798 минг сўм зарарни тўлиқ қоплаган.

Ўзбекистон куч тузилмаларининг ҳамкорликдаги машғулотлари якунланди 

alt

Машғулотларнинг амалий қисми ҳарбий округ ҳудудида жойлашган полигонлар ҳамда тоифаланган объектларда реал шароит ва вазиятларга имкон қадар яқинлаштирилган ҳолда ўтказилиши учун шароитлар муҳайё этилган.

alt

 alt

50 га яқин бўлинмалар марш уюштирган, 200 квадрат километрга яқин ҳудудда ердан ва ҳаводан разведка ишлари олиб борилган. 60 га яқин шартли амалий машқлар ҳамкорликда бажарилган.  Қўриқланаётган ўта муҳим объектларда шартли машғулотлар ўтказилган. Ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулотларининг яна бир амалий жараёнлари Шарқий ҳарбий округи Фарғона дала-ўқув майдонида давом этган.

alt

alt

Машғулотларда давлат чегараси ҳимоясини кучайтириш, эҳтимолий чегара бузилиш ҳолатларини тезкор аниқлаш ва бартараф этиш, фавқулодда вазият юзага келганда куч тузилмалари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари намойиш этилган.

alt

alt

alt

Термизда коллеж ҳисобчиси фуқароларнинг иш-ҳақларини талон-тарож қилди

alt

Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувлар орқали қуйидаги ҳолатлар аниқланган.

Термиз тумани архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи бош ҳисобчиси Ш.Х. коллежнинг 5 нафар собиқ ишчи-ходимлари номига 2017-2018 йиллар ва шу йилнинг 2 ойи давомида жами 221,8 млн. сўм иш ҳақларини улар номидаги пластик карточкаларга ойма-ой тушириб, маблағларни эса ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб келган

alt

Текширув давомида бюджетга етказилган зарардан 100,3 млн. сўм  ундирилиши таъминланган.

Ҳозирда Ш.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентда ўқишга киритиш учун 11.000 АҚШ доллари олган шахс ушланди

alt

Департаментнинг Чилонзор туман бўлими ходимлари томонидан фуқаро М.Т.нинг мурожаатига асосан терговга қадар текширув олиб борилган.

Унга кўра фуқаро М.Г. 2018 йилда юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқаро М.Т.ни Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 11.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.Г.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, айни дамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *