16 ёшгача бўлган ногирон болаларни ТМЭКда кўрикдан ўтказиш қоидалари белгиланди

фев 02 / 2016

alt

Қоидаларга мувофиқ, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларининг тиббий кўрикдан ўтказиш мақсади кўрсатилган ва тиббий хулоса илова қилинган йўлланмасига асосан туман (шаҳар), туманлараро, ихтисослаштирилган тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан кўрик ўтказилади. Йўлланмасиз кўрикдан ўтказиш тақиқланади.

Кўрикдан ўтказиш боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг яшаш жойидаги даволаш-профилактика муассасасининг тиббий-маслаҳат комиссияси томонидан берилган ногирон деб топиш ҳақидаги тиббий хулосанинг асослилигини ўрганиш мақсадида амалга оширилади.

ТМЭК томонидан ногирон болага берилган тиббий хулоса ҳамда унинг тиббий ҳужжатлари тўлиқ ўрганиб чиқилади. Болани кўрикдан ўтказиш ҳақида қарор қилинганда, кўрикдан ўтказиш санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда ТМЭКда кўрикдан ўтиш талони расмийлаштирилади ва у ногирон боланинг қонуний вакилига берилади.

Ногирон болани ТМЭКда кўрикдан ўтказиш натижаларига кўра, унга берилган тиббий хулосанинг асослилиги ёки асоссизлиги юзасидан ТМЭКнинг консультатив хулосаси чиқарилади.

Тиббий хулоса ҳамда тиббий ҳужжатларни ўрганиб чиқиш натижасида ногирон болада Консультатив хулосани сиртдан чиқариш ҳуқуқини берувчи касалликлар ва патологик ҳолатлар рўйхатида кўрсатилган касалликлар ёки патологик ҳолатлар мавжудлиги аниқланса, ногирон бола кўрикдан ўтказилмайди. Бунда ногирон болага берилган тиббий хулосанинг асослилиги юзасидан ТМЭКнинг консультатив хулосаси сиртдан чиқарилади.

Манба: norma.uz