“Экспресс-посылкалар” учун бож олинмайдиган черага: 1000 ақш доллари ўрнига 25 доллар тарзидаги кескин чеклов оқибатлари қандай бўлади?

окт 16 / 2019

alt

Ўзбекистонда яна бир бор (сўнгги икки йил ичида учинчи маротаба) халқаро курьерлик жўнатмаларини (ХКЖ), оддийроқ қилиб айтганда, “экспресс-почта” посилкаларини мамлакатга олиб киришда бож олинмайдиган чегара миқдори муҳокама қилинмоқда. Икки ой олдин, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳасида шунчаки пасайтирилган эмас, балки чинакамига ўта тушириб юборилган чегара ўрнатишни таклиф қилган эди. Бунчалик яққол фарқка яна қандай таъриф бериш мумкин: ҳозирги рухсат этилган 1000 АҚШ доллари (ҳар чоракда бир ёки бир нечта жўнатма учун)га қарши таклиф этилаётган 25 АҚШ доллари (бир маротабалик курьерлик жўнатмаси учун)?

“Ортиқча шов-шув” керак бўлмаган қарор лойиҳаси?

Қизиғи шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25 долларлик бож тўланмайдиган чегара тўғрисидаги қарори лойиҳаси ҳеч қандай шов-шувсиз ва, албатта, оммавий ахборот воситаларига тушунтиришларсиз эълон қилинди: шу боис ҳам ушбу саҳифада 60 га яқин “кўрилди” ва “ноль” миқдордаги изоҳлар мавжуд.

Ахир, ушбу масала шахсий нотижорат эҳтиёжлари учун чет элдан товарларни “экспресс-посилкалар” тарзида оладиган ёки олиш ниятида бўлган камида бир неча юз минглаб Ўзбекистон фуқароларига тегишли-ку.

Аммо энди 2019 йил 2 октябрдаги яна бир ҳужжат: Президентнинг яқинда эълон қилинган ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарори муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ушбу лойиҳасига қўшимча эътибор қаратиш зарур. Ушбу резолюция 3-бандининг "б" қисмида айнан халқаро курьерлик жўнатмалари учун бир марталик бож тўланмайдиган нарх ва оғирлик меъёрларини жорий этишни назарда тутувчи ўзгартиришларни икки ҳафта муддатда қонунчиликка киритиш ҳақида сўз борган. Агар манфаатдор бўлган кенг аудиторияга божнинг халқаро курьерлик жўнатмаларининг бож тўланмайдиган маъёри 1000 АҚШ долларидан 25 АҚШ долларига туширилиши истеъмолчилар ва электрон тижорат бозори учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳозир тушунтирилмаса, ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг таклифи айни муддаога айланиши мумкин, чунки у бўйича икки ой муқаддам ҳеч қандай эътирозлар бўлмаган эди. Аслида эса ваколатли органлар томонидан тушунтиришлар ва кенг ошкораликка йўл қўйилмаган холос.

Бож тўланмайдиган чегара ўзи нима ва у оддий истеъмолчига нима беради?

Ўзбекистон фуқаролари, жисмоний шахслар чет элдан шахсий фойдаланиш учун товарларга буюртма бериш ҳуқуқи ва бунинг учун замонавий имкониятларга эга. Одатда, булар маҳаллий бозорда мавжуд бўлмаган, арзонроқ ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўхшаш маҳсулотларига нисбатан анча рақобатдош устунликларга эга бўлган товарлардир.

Ўз навбатида, дунёнинг турли мамлакатларидаги ижтимоий йўналтирилган давлат тизими, кейинги тижорат мақсадида эмас, балки ўз эҳтиёжлари учун шундай харидларни амалга оширадиган фуқаролар учун турли имтиёзларни кўзда тутади, айнан эса муайян сумма чегарасида бож тўлашдан озод қилишни таъминлаб беради. Масалан, Россия фуқаролари бугун қиймати 500 евродан ошмайдиган посилкаларни чет элдан бож тўламасдан қабул қилиб олишлари мумкин, қўшни Қозоғистон ўз фуқаролари учун ушбу чегарани 1000 еврогача кенгайтирган, АҚШда эса 800 АҚШ долларига тенг посилкаларни олиб киришга рухсат берилади. Тўғри, Ғарбий Европада 22 евродан иборат бож тўланмайдиган чегара ҳам мавжуд, аммо 22 евродан 150 еврогача бўлган қийматдаги халқаро жўнатмаларни қабул қилувчилар бож тўламайди, фақат белгиланган ҚҚС қийматини тўлайди, холос. Агар посилкалар қиймати 150 евродан ошса, олувчи ҚҚСни ҳам, божхона тўловларини ҳам қоплаши зарур бўлади.

Ҳар бир мамлакат ўз иқтисодиётининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тарифларни ишлаб чиқади. Масалан, Хитойда бож тўланмайдиган тўсиқлар умуман мавжуд эмас, уларнинг қиймати нольга тенг. Аммо Хитой шароитида бу ечим ўзини тўлақонли оқлайди, чунки мамлакатнинг ишлаб чиқариш қуввати ўз аҳолисини ҳам, бутун дунёни ҳам зарур товарлар билан таъминлашга қодир.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг февралидан 2018 йилнинг июлигача жисмоний шахслар божхона тўловларини тўламаган ҳолда бир календарь чорак давомида қиймати 1000 АҚШ долларидан ошмаган қийматдаги товарларни чет элдан олишлари мумкин эди. Бунда ушбу сумма чегарасида бир чорак давомида битта ёки бир нечта посилкани олишга йўл қўйилган, асосийси, умумий қиймат 1000 АҚШ долларидан ошмаса бўлгани. Агар бундай посилканинг таркибига бирор ноқонуний нарса кирмаса, курьер уни барча зарур божхона тадбирларидан осонгина ўтказади ва мустақил равишда тўғридан-тўғри қабул қилувчига етказиб беради. Агар посилканинг қиймати кўрсатилган меъёрдан ошса, олувчининг шахсий иштироки талаб қилинади. Яъни, у божхонага келиши, тўловнинг фарқини тўлаши ва шундан кейингина посилкани олиб кетиши мумкин. Масалан, 1200 АҚШ долларлик посилка учун бож фақатчегарадан юқори бўлган 200 доллар учун тўланади. 1000 АҚШ доллари эса - бу фуқаролар учун ёқимли ва жуда зарур бўлган давлат “имтиёзи”дир. Ушбу суммадан ҳеч нарса тўлаш талаб этилмайди.

Ушбу бож тўланмайдиган тариф халқаро почта жўнатмалари учун ҳам, халқаро курьерлик жўнатмалари учун ҳам амал қилар эди. (Фарқ шундаки, почта жўнатмалари туман алоқа бўлимларига, кейин эса уйимизга келади, курьерлик жўнатмалари эса чет элдан кўплаб курьерлик хизматлари томонидан “остонадан-остонагача” тамойили асосида етказиб берилади).

2018 йилнинг июль ойида ушбу меъёрга тузатишлар киритилган эди, аммо улар фақат халқаро почта жўнатмаларига алоқадор бўлиб, бир марталик чегара - 100 АҚШ доллари билан чекланган эди.

Халқаро курьерлик жўнатмалари учун ҳозирда ҳам бир чорак учун 1000 АҚШ доллари миқдоридаги чегара сақланиб қолган, аммо айнан уни яқин орада қайта кўриб чиқиш ва пасайтириш таклиф қилинмоқда.

Бож тўланмайдиган “имтиёз”ни 1000 АҚШ долларидан 25 долларгача кескин қисқартириш ортидан бизни нималар кутмоқда?

 

Бож тўланмайдиган чегаранинг 25 долларгача туширилиши  ортидан келадиган тўртта асосий қийинчилик

Агар Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан бож тўламасдан олиб киришнинг бир марталик меъёри 25 АҚШ долларигача пасайтирилса, истеъмолчилар ва божхона ходимларининг ўзи ҳам муайян муаммоларга дуч келиши турган гап. Боиси электрон тижорат айланмасининг фаол ўсиши фонида бундай кескин чекловлар учун майдоннинг ўзи ҳам ҳали тайёр эмас. Мантиқан олиб қараганда, бундай айланмалар тобора ортиб бориши зарур ва ортади ҳам, чунки кўчада 21 аср ҳукм сурмоқда ва интернет барча афзалликлари ва имкониятлари билан глобал тенденциялар оламида ўз ўрнига эга.

Фақатгина бундай чекловлар тариқасидаги чоралар аллақачон ҳаммамизга таниш бўлган ва аянчли трендга айланиб улгурган ҳолатни келтириб чиқаради – бу посилкаларга қўйиладиган меъёрий чекловларни қандай қилиб “айланиб ўтиш” ечимини излашдир. Бунинг устига бундай ечимларни интернетнинг ўзидан топиш мумкин. Масалан, Белорусия ресурсларидан, чунки айнан Белорусияда жўнатмаларни бож тўламасдан олиб кириш учун деярли айни паст даражадаги тўсиқлар жорий қилинган: халқаро курьерлик жўнатмалари учун 22 евро. “Белпочта” ресурслари ва имкониятларининг "Ўзбекистон почтаси" компаниясининг салоҳиятидан бир неча баравар юқори эканига қарамай, одамлар бу ерда ҳам тўсиқлар ва чекловларни айланиб ўтиш усулларини излашган ва излашда давом этмоқдалар.

Ўзбекистонда бож тўламасдан олиб кириладиган жўнатмаларга божхона чегарасининг кескин пасайтирилиши қандай муаммоларни келтириб чиқариши мумкин?

25 АҚШ долларилик чегара билан бож тўланмагунча тўхтатиб қўйилган посилкалар сони кескин ошади

Албатта, 25 АҚШ долларилик паст даражадаги бож солинмайдиган чегара жорий этилган тақдирда тўхтатиб турилган посилкалар сони ҳозирги $ 1000 АҚШ долларилик чегарадан кўра бир неча баробар кўп бўлиши шубҳасиз. Боиси ҳатто 1 доллардан ошиб кетган посилкалар ҳам барча тўловлар ва харажатларни ҳисобга олган ҳолда бож тўлашни талаб этади ва қиймати 25 доллардан ортиқ бўлган ҳар бир посилка тўхтатиб қўйилади.

Буларнинг барчаси божхона постларидан ҳам техник, ҳам инсон ресурсларини кўпайтириш ва кучайтиришни талаб этади. Ахир, божхона постига кунига ўртача ҳисобда 2-3 мингта посилка келиб тушади-да. "Мавсумий даврда" ундан ҳам кўпроқ: кунига 3 мингдан 7 минггача посилка келади. Оммабоп интернет-майдонлар ва Янги йил арафасидаги савдоларда "қора жума" билан боғлиқ вазиятни, ушбу даврда посилка нархи 25 доллардан ошгани учун қабул қилиб олувчиларнинг шахсан келишини кутиб тўхтатиб турилган товарлар хажмини бир тасаввур қилиб кўринг.

25 АҚШ долларилик бож тўланмайдиган чегара шароитида аралашган посилкалар учун барча устамаларни ҳисоблашга тахминан 25-40 дақиқа кетади

Масалан, камера учун объектив, болалар учун пижамалар, спорт биологик фаол қўшимчалари ва электрон радио-энагани ўз ичига олган аралаш посилкани олиб кўрайлик. Посилканинг умумий нархи 309 АҚШ долларини ташкил этади. Ҳар бир маҳсулотнинг ўзига хос ҳисоблаш хусусиятларига эга бўлган ТИФ ТН коди мавжуд.

Бугунги кунда 1000 долларга тенг бўлган бож тўланмайдиган чегара шароитида бундай посилкани бож тўловисиз олиш мумкин, демакки, қўшимча божхона тадбирлари талаб этилмайди. Курьер посилкаларни ҳеч қандай муаммосиз ва қўшимча расмиятчиликсиз остонангизгача етказиб беради.

Агар Вазирлар Маҳкамасининг лойиҳасига мувофиқ бож тўланмайдиган чегара 25 АҚШ долларигача камайтирилса, ушбу суммадан ошган ҳар бир посилка учун сермашаққат жараён қўлланилади, унга ҳам курьер, ҳам божхона ходими ва декларант ҳамда бевосита олувчи қўшимча ҳаражатлар учун қўлидаги ҳамёни билан тўғридан-тўғри жалб этилади.

Бунда 309 АҚШ долларилик аралаш посилкалар учун  божхона калькуляциясини амалга оширишда биринчи навбатда қолган 284 доллардан барча устамаларни ҳисоблаш учун умумий суммадан бож солинмайдиган 25 АҚШ доллари чиқариб ташланади. Бунинг учун божхона ходимлари ва декларантлар, юқорида айтиб ўтилганидек, божхона тадбирларининг нархини, шунингдек етказиб бериш, суғурта қилиш, қадоқлаш, оғирлик, ТИФ ТН коди ва бошқаларни ҳисобга олишлари керак. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир аралаш посилкалар учун ҳисоб-китобларни ва солиштиришларни амалга ошириш учун, шу жумладан, махсус "божхона калкулятори" ни ишлатган ҳолда тахминан 30-40 дақиқа вақт кетади.

26 долларлик “деярли сув текин” посилкалар сони жуда кўп бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, божхона шунча кўп вақт ва маблағга эгами, деган ўринли савол туғилади? Улар жуда кўп бўлиши аниқ. Ва, буларнинг барчасини тўхтовсиз режимда ҳисоблаб чиқиш, текширув зоналарида тиқилинчларни, божхона омборларида уюмларни юзага келтирмаслик зарур.

Дарвоқе, онлайн харидларни амалга оширадиган оддий истеъмолчилар қиймати 25 АҚШ долларидан ошадиган кейинги посилка суммасини билиш учун ушбу кодларнинг узундан-узун ва содда рўйхатини ўзлари билан олиб юрганлари маъқул.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *