Сирдарёда шифокорлар аёвсиз калтакланди. ССВ прокуратурага мурожаат билан чиқди

июн 05 / 2020
alt
Жорий йил 4 июнь куни соат 00:14да Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани “Ғалаба” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Б. томонидан “оёқда жароҳат” шикояти билан тез тиббий ёрдам шохобчасига чақириқ бўлади. Тез тиббий ёрдам шохобчаси жамоаси “тез ёрдам” машинасида 7 дақиқа ичида, яъни соат 00:21да чақириқ бўйича манзилга етиб келган.
 
Лекин тиббиёт ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун машинадан тушишлари билан шу ерда бўлган бир гуруҳ маст ҳолдаги кишилар ҳеч қандай сабабсиз шифокор ва фельдшерга ташланиб, уларни аёвсиз калтаклашган.
 
Натижада, 28 ёшли шифокор Ж.О. “Бош мия чайқалиши, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, ўнг қовоқ соҳаси гематомаси, кўкрак соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши” ташхиси билан, 44 ёшли фельдшер В.Н. эса “Бош мия чайқалиши, юз соҳаси, чакка соҳалари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, ўнг қўл кафт суяги асосидан ёпиқ синиш” ташхиси билан Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез ёрдам бўлимига ётқизилган.
 
Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига мурожаат йўллади. Унда юқорида қайд этилган ҳолатни назоратга олган ҳолда, айбдор шахслар қаттиқ жавобгарликка тортилишини таъминлашда амалий ёрдам сўралди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *