9 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 09 / 2019

Термиздаги кўпқаватли уйларнинг бирида портлаш содир бўлди-ми?  

alt

2019 йил 8 апрел куни соат 11:32да Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри, «Дўстлик» маҳалласи Алишер Навоий кўчасида жойлашган 10 уй ертўласида газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Баъзи телеграм ахборот каналлари ушбу ҳодисани портлаш дея изоҳлаган

Маълум бўлишича, Термиз тумани «Мангузар» маҳалласида яшовчи 1983 йилда туғилган И.Б. ёнғин чиқишидан аввал ертўладан қурилиш маҳсулотлари сақланадиган омборхона сифатида фойдаланиб келган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаснинг маълум қилишича, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида ертўлага кириш жойидаги зинадан шаҳарнинг Ибн-Сино кўчаси 118-уй 1-хонадонда яшаган, 1958 йилда туғилган А. Р.нинг, ички хонадан Ангор тумани «Гулзор» маҳалласида яшаган, 1962 йилда туғилган И.Р.нинг куйган ҳолдаги жасадлари топилган.

Ҳозирда ҳолат Сурхондарё вилояти прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси раҳбар ходимлари томонидан ўрганилмоқда.

 Биринчи Президентнинг севимли китоблари эълон қилинди

alt

Ўзбекистон Биринчи Президенти И.А. Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова президентнинг севимли китоблари рўйхатини тақдим этган.

 Телеграм канали орқали эълон қилинган рўйҳатдаги китоблар қуйидагилардан иборат: Амир Темур — “Темур тузуклари”, Имом Бухорий —  “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, Абдулла Қодирий — “Меҳробдан чаён”, Саид Аҳмад — “Уфқ” трилогияси, “Жимжитлик”, Пиримқул Қодиров — “Юлдузли тунлар”, Одил Ёқубов — “Улуғбек хазинаси”, Теодор Драйзер — “Молиячи”, “Титан” ва “Матонатли” трилогияси, Эрнест Ҳемингуэй — “Чол ва денгиз”, “Қўнғироқ кимни чорлаяпти?”, Джеймс Макгрегор Бернс — “Франклин Рузвельт, “Инсон ва сиёсатчи” (асли: “Roosevelt. The Soldier of Freedom”), В.Г.Трухановский — “Уинстон Черчилль: сиёсий биография”, Чингиз Айтматов —“Кассандра тамғаси”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Оқ кема” ва бошқалар;

Шунингдек, А.Солженицын — “Биринчи доирада” (“В круге первом”), Юлиан Семенов —романлар, қиссалар ва ҳикоялар, Валентин Пикуль — “Сўз ва иш” (“Слово и дело”), “Боязид қалъаси” (“Баязет”) романлари ҳамда “Фаворит” туркумига кирувчи асарлар, Конфуций — “Ҳикматлар”.

Ўқитувчилар ойлик иш ҳақлари оширилишини талаб қилишмоқда

alt

Польшада ўқитувчилар ойлик иш ҳақлари оширилишини талаб қилиб, иш ташлашган. Оқибатда мамлакатдаги барча мактаблар ёпилган. Бу ҳақда “Wprost” манбаси орқали хабар қилинган.

Мактаблар ва болалар боғчаларининг 80 фоиз педагоглари иш ташлаш акциясида иштирок этишга тайёр эканликларини билдиришган.

Ўқитувчиларнинг ҳозирги кундаги маоши барча солиқларни ҳисобга олганда, 3380 злотийни ташкил қилади. Улар шу йилнинг 1 сентябрига қадар ойлик иш ҳақларига яна 15 фоиз, йил бошидан буён жами 1000 злотийгача (қарийб 263 АҚШ доллари) қўшишларини талаб этишган.

"Алтин Мерген” турнирини бронза медали билан бошладик

alt

Хабар берганимиздек, шу кунларда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида пневматик қуроллардан ўқ отиш бўйича “Алтин Мерген” номли халқаро мусобақа бўлиб ўтмоқда. Айни пайтга келиб, терма жамоамиз мусобақадаги дастлабки медални қўлга киритган.

Аёллар ўртасида 10 метргача пневматик тўппончадан ўқ отиш баҳсларида ёш истеъдодли вакиламиз Ирода Азимбоева бронза медалини қўлга киритган. Мусобақа доирасида бир қатор вакилларимиз финал йўлланмасига эга бўлишган.

alt

“Алтин Мерген” халқаро турнирида 10 метр узоқликка тўппонча отиш бўйича шунингдек, қозоғистонлик Ирина Поткионова ҳамда Ольга Аксёновалар ҳам бронза медали билан тақдирланишган.

ДХХ ходимларининг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматлари ташкил этилади

alt

Ҳукумат қарори билан Давлат хавфсизлик хизмати органлари ва бўлинмалари шахсий таркибининг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди(2019 йил 6 апрель, 282-сон).

Унга мувофиқ, аутсорсерлар хокимликлар томонидан танлаб олинади ва шахсий таркибни стационар ҳамда дала шароитларида овқатланишини ташкил қилиш бўйича бир йиллик шартномалар тузилади.  

Сифатини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, давлат стандартларига ва техник шартларга жавоб бермайдиган озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Таомлар тарқатилишидан аввал врач ва навбатчи томонидан уларнинг сифати текширилади.

Хоразмдаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлди

alt

2019 йилнинг 7 апрель куни Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри Темур Малик кўчасида жойлашган 12-уйда ёнғин содир бўлган. Ҳодиса ҳақида аланга майдони кенгайиб кетгандан сўнг ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар берилгани айтилмоқда.

Натижада ёнғин ўчириш бўлинмалари ҳодиса жойига етиб борганида иморатнинг асосий том қурилиш конструкциялари ёнаётганлиги маълум бўлган. Ёнғин ўчирувчиларнинг тезкор харакатлари натижасида уйнинг 50 кв.метр майдони сақлаб қолинган.

Ёнғинда фуқароларнинг тан жароҳати олишлари ва ҳалок бўлишларига йўл қўйилмаган. Уйнинг 105 кв.метр майдондаги томи, шифт қисми ва қисман уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

alt

  Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмасининг маълум қилишича, ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Аграр университетининг 3 босқич талабаси қасддан одам ўлдирмоқчи бўлди

alt

07.04.2019 йил соат 01:30 ларда Янгийўл тумани “Ахил” маҳалласида яшовчи А.А. маҳаллий кафелардан бирининг ёнида фуқаро Б.Х. (1992 й.т, ишсиз) билан рашк сабабли жанжаллашиб, уни қасддан ўлдирмоқчи бўлган.

Шу мақсадда у ёнидаги пичоқ билан юрак соҳасига 2 маротаба, бўйин қисми ва чап сон соҳаларига бир маротаба уриб, Б.Х.га турли даражадаги тан жароҳатлари етказган. Бу ҳақда Бош Прокуратуранинг матбуот хизмати хабар берди. Хабарда 1993 йилда туғилган А.А.нинг Тошкент давлат аграр университетининг 3-босқич талабаси эканлиги айтилмоқда. 

alt

Шифокорлар томонидан ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида Б.Х.нинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Шу куннинг ўзида Янгийўл туман прокуратураси томонидан фуқаро А.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкент шаҳри. Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 9 апрель куни пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади, 12-17 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 13-15 даража, кундузи 17-19 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 7-12 даража илиқ, кундузи 18-23 даража иссиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10-15 даража, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10-15 даража, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 13-18 даража илиқ, кундузи 18-23 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 20-25 даража иссиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Момақалдироқ бўлиши мумкин. Қор кўчиши хавфи бор. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 5-10 даража, кундузи 10-15 даража илиқ бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *