Адлия вазирлиги Гулнора Каримова сақланаётган колониядаги ўрганишлар натижасини эълон қилди

июл 05 / 2019

Адлия вазирлиги 3-4 июль кунлари Гулнора Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳамда у доимо руҳий босим остида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни 21-сонли жазони ўташ колониясига борган ҳолда ўрганди.
 
Вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, Гулнора Каримова колонияга 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган. У ердаги яшаш шароитлари Жиноят-ижроия кодексининг (ЖИК) 117-моддасига жавоб беради. Унга мувофиқ, умумий режимдаги колонияларда маҳкумлар умумий турар-жойларида яшашади.
 
Шу билан бирга, Гулнора Каримова ЖИКнинг 9-моддасига мувофиқ, ўқув, бадиий ва бошқа турдаги ахборот материалларидан фойдаланиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда колония кутубхонасининг аъзоси ҳамдир. ЖИКнинг 78-моддасига мувофиқ, Гулнора Каримова йўқлов ва бандерол олиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланган. Хусусан, 2 ва 3, 10 апрель ҳамда 10 июнь кунлари у тегишли бандерол ва йўқлов қабул қилинган.
 
 
10 апрель куни Каримованинг ҳисобварағига қизидан пул ўтказмалари келиб тушган. Каримова жазони ўташ давомида колония дўконидан 4 марта харидни амалга оширган ва ўрганиш пайтида унинг ҳисобварағида муайян миқдорда маблағ қолгани аниқланган. Гулнора Каримова учрашув ҳуқуқидан фойдаланмоқда — 12 апрелидан 15 апрелигача (3 сутка) у оила аъзолари билан узоқ муддатли учрашувда бўлган. У иккита қисқа муддатли учрашувлардан (8 ва 10 апрель кунлари) ёзма равишда бош тортган.
 
Каримовага 2 ва 17 апрель ҳамда 10 июнь кунлари швейцариялик адвокати билан учрашиш ҳуқуқи таъминланган. ЖИКнинг 79-моддасига асосан, маҳкумлар чекловсиз равишда хат ва телеграммаларни қабул қилиш ва юборишлари мумкин. Ушбу давр мобайнида Каримова томонидан 25 март ва 17 июнь кунлари иккита хат жўнатилган.
 
Гулнора Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётганлиги ҳақидаги фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди. 2017 йилнинг декабрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг комиссиявий суд тиббиёт экспертизаси Бош бюроси томонидан тиббий кўрик ўтказилган бўлиб, унинг хулосасига (№70, 15.12.2017 й.) кўра, Гулнора Каримовада аввалдан айрим сурункали касалликлар мавжуд.
 
Шу боис, Гулнора Каримова 2019 йил март ойида колонияга олиб келиниши билан, унинг саломатлигини таъминлаш мақсадида бир неча бор малакали тиббий ёрдам ташкиллаштирилган ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тажрибали мутахассисларининг тавсиялари берилган (кардиолог, гинеколог, стоматолог, юқумли касалликлар шифокори, функционал диагностика шифокори, УЗД шифокори, эндокринолог, гастроэнтеролог, руҳшунос ва бошқа шифокорлар). Шу билан бирга, комиссия хулосасига кўра, Каримовада аниқланган касалликлар унинг жазони ўташига халақит бермайди.
 
Маҳкумалар билан ўтказилган суҳбатларда шу нарса аниқландики, Гулнора Каримовага жисмоний ёки руҳий босим ўтказиш ҳоллари кузатилмаган, аксинча, бошқа маҳкумалар Каримованинг ёмон яшаш шароитларда ушлаб турилгани ва унга босим ўтказилаётгани тўғрисидаги маълумотлардан ажабланган. Хусусан, у билан битта отрядда яшаётган маҳкумалар Каримова колонияга олиб келинганида, у дераза олдидаги каравотни танлагани, бу вақтда эса мазкур каравот бошқа маҳкума томонидан банд бўлганини қайд этган. Шундай бўлса-да, бошқа маҳкума Гулнорага ўз ўрнини бўшатиб берган.
 
Каримованинг саломатлигини инобатга олган ҳолда, ушбу даврда у бир маротаба ҳам меҳнат фаолиятига жалб этилмаган. Бу ҳолат Колония маҳкумалари ва маъмурияти томонидан ҳам тасдиқланди. Визуал текширув чоғида Гулнора Каримованинг танасида жароҳатлар аниқланмаган. Бевосита Гулнора Каримова билан бўлган суҳбат давомида у маҳкума сифатида ўзининг ҳуқуқлари чекланаётганидан шикоят қилмади. Каримова бу мавзуда суҳбатлашишни истамаётганини ва асосан қуйидагилар бўйича ўз эътирозларини билдирди:
 
▪️колонияда бўлган пайтида унга яқин бўлган маҳкумаларнинг бошқа отрядларга ўтказилганига;
▪️унинг фикрича, жиноий ишни тергов қилишда қонунчилик талаблари бузилганига.
 
Хабар вa янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *