«Алдоқчи банкомат»: Андижонда банкомат нақд пулдан «уриб қолди»

июн 12 / 2019

alt

«Андижоннома» газетасининг веб-сайтида «Алдоқчи банкомат» номли мақола эълон қилинди. Унда ёзилишича, 8 июнь куни «Асакабанк»нинг Андижон шаҳрида «24/7» режимида хизмат кўрсатувчи банкомати нақд пулдан «уриб қолган».

«Эътибор берсангиз, пластик картасидаги маблағни нақдлаштирган аксарият мижозлар пулни санамасдан киссага уришади. Чунки тасаввуримизда банкомат компьютерлаштирилган, аниқ ишлайди, алдамайди, деган тушунча бор. Биздан олдин пул «ечган»лар ҳам балки шу ўйга боришганидан, эҳтимол, навбати келгунча кутиб зерикканидан, пулни санамасдан чўнтакка солиб чиқиб кетишди. Аммо... банкомат ҳам алдаркан!
 
Навбатда турганлардан бири пластик картасидан 400 минг сўм пул «ечди». Банкомат эса унга 200 минг сўм санаб берди. Мижоз пулнинг «чўғи» камлигини сезиб, ҳаммани ҳушёрликка чорлади: «Одамлар, банкоматдан чиққан пулларни сананглар!», – дейилади мақолада.
 
Шундан сўнг «эксперимент» бошланган. 7 киши пластик карталаридан банкоматга 250 минг уриб, 125 минг сўм, 200 минг уриб, 100 минг сўм... қисқаси, тенг ярмига «ечиб» олган.
 
Алданган мижозлар шовқин-сурон кўтаришгач, масъул ходим етиб келган. Банкоматга масъул бўлган мутахассис «Кассеталар алмашиб қопти!» дея ушбу ҳолатга изоҳ берган. Яъни, банкоматнинг 10 минг сўмлик ва 5 минг сўмлик купюралар солинадиган кассеталари ўрни алмашиб қолган. Хатоликнинг асосий сабаби шу.
 
«Айни мавзуда бонг уришдан мақсад — банкоматга тез-тез иши тушадиган мижозларни огоҳлантириш, холос. Пластик картадан нақдлаштирдингизми, пулингизни эринмай санаб қўйинг. Тағин ҳисобингиз чиқмай, хуноб бўлиб юрманг, «кассеталар алмашиб қолиши» мумкин!» – қўшимча қилади муаллиф.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *