Алишер Саъдуллаев Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига раҳбар бўлди

сен 07 / 2019

alt

6 сентябрь куни пойтахтимизда ёшлар масалаларига бағишланган йиғилишда Алишер Саъдуллаев Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси лавозимига расман сайланди.

Аввалроқ, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раҳбариятида ўзгариш бўлган эди.  Президент Фармони билан Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шу пайтга қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимда ишлаб келган Алишер Саъдуллаев эса Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажариш юкланди.

Маълум қилинишича, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг раиси Алишер Саъдуллаев энди 4 та янгича тамойил асосида иш олиб бормоқчи. Бунинг натижасида ташкилот фаолиятига бўлган кўплаб саволлар ҳам ўз жавобини топади. Ёш раҳбар мазкур тамойилларни амалга оширишни ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар фикрини ўрганишдан бошлади.

— Мақсадимиз аниқ. Ёшларимиз билан 4 та асосий тамойиллар, яъни Очиқлик (Кадрлар ва Молиявий соҳаларда), Мулоқот (ёшлар хоҳиш ва таклифлари), Доимий изланиш, таҳлил этиш ва ривожланиш (ташкилот замон билан ҳамнафас, янгилик ва таклифларга доимо очиқ бўлиши) ва Қўллаб-қувватлашни белгилаб олдик, – деган Саъдуллаев.